Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бу йил 641 минг нафар бола 1-синфга ўқишга қабул қилинади
18:48 / 2021-07-05

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

 Аввал хабар берганимиздек, 2021-2022 ўқув йили учун 1-синфга қабул 15 июндан бошланган эди. Ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят марказларидаги умумтаълим мактаблари 1-синфига қабул жараёни тажриба-синов тариқасида электрон шаклда амалга оширилмоқда.  

 - Бугунги кунда мазкур тизим орқали 1-синфга жойлаштириш учун ота-оналардан 41 мингдан ортиқ ариза келиб тушган. Қолган ҳудудлар умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул анъанавий шаклда, яъни бевосита мактабда амалга оширилмоқда. Техник ва бошқа бир қатор муаммоларни инобатга олиб, қабул муддатини 5 июлдан 20 июлга узайтирдик. Бу ҳам ота-оналар учун қўшимча имконият, - дейди Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов.  

 Матбуот анжуманида қабул жараёни ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Унга кўра, тажриба-синов тариқасида жорий этилаётган электрон шаклдаги қабул 2 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда ота-оналар 2021 йилнинг 15 июнидан 5 июлига қадар my.maktab.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, фарзандлари 1-синфга чиқадиган мактабларни танлайди. Бунда ота-оналарга 3 та мактабни танлаш имконияти берилади. Биринчи мактаб ота-она доимий истиқомат қилаётган ҳудуддаги мактаб, яъни яшаш манзили бириктирилган микроҳудуддаги мактаб. Иккинчи ва учинчи мактаблар ота-оналарнинг ихтиёрий танлови асосида фарзандларининг қатнаши учун қулай бўлган мактаблар.  

 Иккинчи босқичда 6 июлдан 31 июлга қадар ота-оналар электрон платформа орқали танлаган биринчи мактабга, яъни бириктирилган микроҳудуддаги мактабга ҳужжатларини топширади. Бунда ҳужжатларни топшириш тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. Ушбу жараёнда ота-оналарнинг доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга жойлашиши кафолатланади. Агар ота-оналар микроҳуддуддаги мактабни эмас, бошқа мактабларни танлаган бўлса, яъни электрон рўйхатдан ўтиш вақтида танлаган иккинчи ёки учинчи мактабларнинг бирида бўш ўринлар бўлган тақдирда 1-15 август кунлари ҳужжатларини топшириши мумкин бўлади.  

 Бундан ташқари, халқ таълими тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларга қабул жараёни ҳақида ҳам маълумот берилди.  

 - 2021-2022 ўқув йили учун Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаларига қабул жорий йилнинг 10 июнида бошланиб, 10 июлга қадар давом этади. Ота-оналарга қулайлик яратиш ҳамда қабул жараёни шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳужжатлар тўлиқ my.maktab.uz сайти орқали электрон шаклда амалга оширилмоқда. Шунингдек, ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларига 5-синфдан, ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига 7-синфдан қабул бўлади. Бугунги кунга қадар 739 мактабга 84 минг нафардан ортиқ талабгорлар ҳужжат топширди, - дейди Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Эркин Муродов.  

 Файзулло Яҳёев, ЎзА