Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бу йил 2100 умумтаълим мактаби ўқувчиларидан бирорта ҳам ёш ОТМга кирмади
15:07 / 2019-12-04

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида таълим тизимидаги муаммолар, амалга оширилаётган ишлар, лойиҳалар хусусида маълумотлар берилди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида таълим тизимидаги муаммолар, амалга оширилаётган ишлар, лойиҳалар хусусида маълумотлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаровнинг қайд этишича, Сирдарё вилоятида алоҳида лойиҳани амалга ошириш юзасидан ишлар бошланган.

– Вилоятни таълим сифати бўйича намунали ҳудудга айлантириш юзасидан амалий чоралар кўриляпти, – деди Алишер Умаров. – Бунда вилоятдаги 12 минг 261 нафар ўқитувчини тестдан ўтказиш юзасидан таклиф берилди. Тестлар Давлат тест маркази томонидан тайёрланди. Биринчи ўринда “Давлат тилини улар қай даражада билади?”, деган савол ўртага ташланди ва синаб кўрилди. Ачинарлиси, натижада ўқитувчиларнинг 90 фоизга яқини давлат тилини яхши билмаслиги келиб чиқди. Шу ўринда иккинчи томонини ҳам таъкидлаб кетиш жоиз, бизда умумтаълим мактабларида давлат тили қай даражада ўтилади ва кириш имтиҳонларидаги тестлар қай аҳволда? Аниқки, институтга кираётганларга қўйилган талаблар бошқача. Буни ҳатто ўқитувчилар ҳам яхши тушунмас экан. Шу боис ҳам ўқитувчиларимиз мана шу имтиҳондан ўтолмади. Фан ўқитувчилари ўз фани бўйича тестдан ўтказилди. Лекин ижобий баҳо олганлар жуда кам. Уларнинг 66,8 фоизи абитуриентларга қўйилаётган талабларни бажара олмаётгани кўриниб қолди. Бу ачинарли ҳол. Бу дегани, математика фани ўқитувчиси ўқувчисини шу фандан олий ўқув юртига киришга тайёрлай олмаса, бу ўқитувчига фарзандларимизни ишониб топшира оламизми? Авваллари текширувчилар келиб, мактабларда нимани текширгани маълум. Энди бундай бўлмайди. Энди ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши учун чоралар кўрилади. Талаблар ўзгаради. Ёмон баҳо олиб, аттестациядан ўтолмаса, у ишдан кетмайди. Уларнинг ҳар бири билан индивидуал режа асосида ўз устида ишлаши учун имконият яратилади.

Бундан буён ўқитувчиларнинг педагогик қобилияти, маҳорати, психологияси баҳолаб борилади. Худди шу лойиҳа Сурхондарё вилоятида ҳам амалга оширилади.

Юртимиздаги барча умумтаълим мактабларидан қанча ўқувчининг бу йил олий таълим муассасасига кирган-кирмаганлиги ўрганилди. 10 минг мактабдан 2 минг бир юзтасидан бирортаям бола ўқишга киролмаган. Бу таълим сифати билан боғлиқлиги ҳисобга олиниб, ўша мактаблар фаолияти таҳлил қилиняпти.

Бундан ташқари, она тили фани бўйича ўқувчилардан олинган диктант ёзиш топшириғида пойтахт ҳудудлар бўйича ҳисобланганда савод даражаси рейтингида энг охирги ўринда турибди. Бу Тошкентдаги она тили фани ўқитувчиларига бўлган талабни ўзгартириш кераклигини кўрсатяпти.