Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилоятидаги "Паркент" ижод уйида ёш ижодкорларнинг "Нигоҳ" ижодий семинари қизғин руҳда кечмоқда.
Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу семинар кино, театр, адабиёт соҳасида фаолият кўрсатаётган ёш ижодкорларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бу борада семинар иштирокчиларининг фикрлари билан қизиқдик.

–Бу семинарга ёшлар орасидан Шароф Бошбековни ахтариб келдим. Бирон яхши асарни олиб кетармиканман, деб келдим, – деди Ўзбекистон давлат драма театри бош режиссёри Олимжон Салимов. – Сир эмаски, театр саҳналарида позитив руҳдаги асарлар камайиб кетган. Дўстига, отасига, яқинларига ўзини қурбон қила оладиган, фидойи қаҳрамонни доим ахтараман.
–Ушбу семинар учун жуда гўзал, жаннатмонанд жой танланибди, – деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам. –Бу шунчаки оддий тадбир эмас, бу жуда улуғ, савобли иш. Қатнашчилар ичида Шекспир ўтирган бўлса ажаб эмас. Иштирокчилар семинардан уйларига қайта солиб, мукаммал нарса ёзади, дея олмайман. Лекин бундай семинарлар ижодкорга руҳ бағишлайди. Агар шу анжуман орқали биттагина яхши сценарий, саҳна асари юзага келса, ташкилотчилар ўз сарфлаган пулини қоплаган бўлади.

Ёш драматург ва сценарийнавис Сардор Ҳамроевнинг асарлари асосида бир қатор спектакллар ва кинофильмлар яратилган. Айни пайтда унинг бир нечта фильмлари халқаро фестивалларда совринли ўринларга лойиқ топилган.
–Ижодкор изланишдан тўхтамаслиги, ўз асаридан қониқмаслиги керак, – деди драматург ва сценарийнавис Сардор Ҳамроев. – Бу ҳам бадиий баркамол асарлар яратишнинг муҳим пойдеворидир. Ушбу семинар учун ҳарбий ватанпарварлик мавзуидаги киносценарий билан қатнашаяпман. Уни устозларнинг назаридан ўтказиш, фикрларини билиш мен учун жуда муҳим.
–Мазкур семинарда "Озодлик олтиндан қиммат" номли пьесам билан қатнашаяпман, – деди Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти 3-босқич талабаси Мунира Қиличева. – Устоз режиссёрлар, драматурглардан камчиликларимиз нималардан иборат эканини билиб олиш биз учун муҳимдир.
Дарҳақиқат, устоз ижодкорлар қайд этганидек, бир пайтлар Рустам Ҳамидов ҳамда Ўлмас Умарбеков, Олимжон Салимов билан Шароф Бошбековнинг ижодий ҳамкорлиги натижасида мукаммал саҳна асарлари юзага келган эди. Ажабмаски, мазкур ижодий семинар ҳам кино, театр ва адабиёт соҳаси вакилларининг ҳамкорлиги ўлароқ, яхши фильмлар, спектаклларга туртки берса!
Семинар ўз ишини шўъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирмоқда.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири