Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бу шеърият асло завол билмайди
14:28 / 2022-04-26

Бугун – ўзбек шеъриятининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган нодир истеъдод соҳиби, ҳароратли мисралари билан миллионлаб қалбларда Ватан суратини чиза олган бетакрор ижодкор, миллатимизнинг ардоқли фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун. Улуғ шоир агар ҳаёт бўлганида 68 ёшга тўлган бўларди.

Аслида эл-юрт назарига тушиш, ҳурматига сазовор бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Муҳаммад Юсуф эса адабиётимизнинг ана шундай бахтга, эҳтиромга эришган забардаст вакилларидан бири эди. 

Муҳаммад аканинг ижодини етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган шеърият ихлосмандлари доимо севиб мутолаа қилади. Дилбар шеърларига басталанган қўшиқлар эса ҳамон давраларда жаранг сочади. Чунки унинг сатрлари баландпарвозликдан, ортиқча бўёқлардан холи, содда, самимий, халқона, шу билан бирга, залворли. Бошқача айтганда, юракдан чиққанлиги учун ҳам юракларни забт этган. 

Яқинда севимли шоиримизнинг сайланмаси Халқаро туркий маданият ташкилоти – TURKSOY томонидан турк тилида чоп этилди. У турк тилида сўзлашувчи адабиёт мухлислари учун ажойиб туҳфа бўлиб, Муҳаммад Юсуф ижоди билан яқинроқ танишишларига имкон беради. Ва, албатта, шоир шеърлари уларда ҳам жуда катта қизиқиш уйғотишига шубҳа йўқ. 

...Қисқа умри давомида халқимизга улкан маънавий мерос қолдирган, юртни иддаолар қилмай севган Муҳаммад Юсуф ёди ҳамиша барҳаётдир. Зеро, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси, адабиёт фидойиси, устоз Саид Аҳмад ўз хотираларида эътироф этганидек, “Энди шоирнинг ўзи йўқ. Аммо Муҳаммад Юсуф деб аталмиш Шеърият бор. Бу шеърият асло завол билмайди”. 


Озодбек Назарбеков, 
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири

ЎзА