Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бу оддий оилавий болалар уйи эмас, меҳр қўрғони ёхуд юздан зиёд боланинг қалбига йўл топган ота
13:37 / 2023-02-23

Ҳаётда бир нафар фарзандини боқишга ярамайдиган оталар ҳам учрайди. Аммо юзлаб боланинг ота бўлиб бошини силаш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди.

Ҳали қирқ ёшга ҳам тўлмаган Иномжон Давлатов бунинг уддасидан чиққан, таъбир жоиз бўлса, қаҳрамон оталардан. Унинг хонадонига борганимизда, бу оддий оилавий болалар уйи эмас, меҳр қўрғони эканига амин бўлдик. 

Оилаларда ўзаро меҳр табиий жараён, албатта. Аммо етимлар бошини силашга чўзилган қўлларда, ярим кўнгилни тўлдиришга бўлган азму қарорда меҳр минг чандон кўпроқки, бундай хонадонлар ўз-ўзидан меҳр қўрғонларига айланади. 

Тошкент шаҳар Юнусобод туманида беш болани асраб олган оилада бўлганимда ҳам шундай таассурот олгандим.  

Аччиқ қисмат туфайли ота-онасидан айрилган, қариндошларини танимайдиган бу болакайларнинг энди нафақат ота-онаси, балки тоғаси, холаси, аммаси, амакиси ва меҳрибон қўшнилари борлигидан мамнун бўлгандим. Зеро, бу ришталар инсонни ҳаёт йўлларида қоқилмаслиги, кўнгли ўксимаслиги, суяниши учун керак бўлган муҳим омиллар. 

<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/gHy1XNWQq2E" title="Бу оддий оилавий болалар уйи эмас, меҳр қўрғони ёхуд юздан зиёд боланинг қалбига йўл топган ота" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Оилавий болалар уйлари ташкил этилишидан кутилган асл натижа ҳам шу, аслида. Чунки Меҳрибонлик уйларида вояга етган шахслар кейинчалик ёлғизланиб қолиши, ҳаётда ўз йўлини топишга қийналиши кўп кузатилган. 

 Ўтган йилда Меҳрибонлик уйларида тарбия топган 19-30 ёш оралиғидаги шахслар ҳаёти (11 йил таҳлили) ўрганилганда, 3 минг 637 нафар тарбияланувчидан 2,5 мингдан ортиғи турмуш қурмагани, 1,5 мингга яқини ишсиз экани, 347 нафари чет элга чиқиб кетгани, 22 нафари вафот этгани ҳамда 43 нафари жиноий жавобгарликка тортилгани аён бўлган. 

Бу уларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйгач ёлғизланиб қолаётгани, ижтимоий адаптация жараёни оғир кечаётганини кўрсатиб турибди. Оилавий болалар уйи амалиётининг кенг жорий этилаётгани эса ана шу муаммолар барҳам топишига замин яратмоқда. 

Зеро, болалар чинакам оилавий ришталар оғушида яшаб, ишонч билан оёққа туриши, бу йўлда яқинларига суяниб, бағри бутун яшашига не етсин?!

Меҳрибонлик уйларига Миллий гвардия асосий ҳомий этиб белгилангани эса ушбу соҳада туб ўзгаришларга сабаб бўлди.

Тошкент шаҳри Учтепа тумани Найман маҳалласидаги оилавий болалар уйи ушбу йўналишда қилинган ишларнинг энг намуналиси бўлди. 

Икки қаватли бино Миллий гвардия томонидан реконструкция қилиниб, бу ерда 12 та Оилавий болалар уйи ташкил этилди. Барча хонадонлар маиший техника, мебел ва хўжалик жиҳозлари билан таъминланган.

Улардан бири юқорида тилга олинган Давлатовлар хонадони. 4 нафар етим болани ўз қарамоғига олган бу оила ҳам катта меҳр қўрғонига айланган. Ўзларининг уч фарзандига қўшиб, тўрт етимнинг бошини силаётган бу ота-онанинг болаларга муносабати ҳавас қилгулик. 

Иномжон Давлатов Хлебушкина номидаги 22-Меҳрибонлик уйида фаолият юритади.

– 2021 йилда раҳбарият тавсияси билан Меҳрибонлик уйида тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари, яъни ота сифатида фаолият юрита бошладим, – дейди И.Давлатов. – Болаларни  нафақат тарбиялаш, балки уларга ота сифатида меҳр бериш зиммамда эди. Ота меҳрига зор бўлиш нима эканини билганим учун ҳам чин юракдан ишлай бошладим. (Чунки болалигимизда отам вафот этгач, жуда ҳам қийналиб катта бўлганмиз). Ҳар бир боланинг руҳий ҳолатини ўрганиб, уларнинг орзу-истаклари, мақсадларини аниқладим. Қисқаси, ҳар бир боланинг қалбига йўл изладим. Тўғри, бу силлиққина кечди, дея олмайман. Қанчалик қийин бўлса ҳам интилдим, меҳнат қилдим.

Орадан ойлар ўтди... Болалар отанинг меҳрли қалбини тушуна бошлади. Бора-бора ота билан дўстга, сирдошга айланишди.  Юздан зиёд боланинг қалбига йўл топган ота улардан тўрт нафарини уйига ҳам олиб кетди. Шу тариқа яна бир Оилавий болалар уйига асос солинди. 

– Мақсадим Пезидентимиз таъкидлаганидек, болаларни ватанпарвар қилиб тарбиялаш, уларни садоқатли фарзанд қилиб ўстириш, Янги Ўзбекистонимизга, келажагимизга ўзининг ҳиссасини қўшадиган етук кадрлар қилиб тайёрлаш, – дейди Иномжон. 

Суҳбат асносида И.Давлатов Меҳрибонлик уйида рўй берган айрим ҳолатларни эсга олди:

– Бир она Россия давлатига ишлашга кетган, боласига эса энага ёллаган. Энагага ҳар ой пул жўнатиб турган. Энага эса болани онаси ташлаб кетди, деб Меҳрибонлик уйига топшириб юборган. Аёл қайтиб келгач, боласини олмоқчи бўлди. Аммо у боласини ташлаб кетгани учун оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган эди.  Она эса боласи учун жўнатган пулларининг квитанцияларини ва бошқа ҳужжатларни илова қилиб, судга мурожаат қилди. Болани ташлаб кетмаганини, ёлғиз она бўлгани учун ишлашга кетишга мажбур бўлганини исботлаб берди. Суд унинг оналик ҳуқуқини тиклади ва у беш ёш фарзандини қайтиб олишга эришди. Бундан жуда ҳурсанд бўлдим. 

Аммо ўзига тўқ яшаса-да, боласини ташлаб қўядиганлари ҳам бор. 15 ёшли ўғли бор она Меҳрибонлик уйига қимматбаҳо машина, либосларга бурканиб келиб, боласи учун нарсалар ташлаб кетишини Иномжон изтироб билан сўзлаб берди. Она ҳар келиб кетганида болакай эзилиб кўз ёш тўкиши ачинарли ҳол, албатта. 

Ахир шароитингиз яхши, фарзандингизни олиб кетиб, бағрингизда катта қилмайсизми, деган саволга она “болам Меҳрибонлик уйидан чиқиб, давлатдан уй олиши керак”, деган жавобни берган...    

Таассуф, ҳаёт туҳфа қилган гўзал неъмат – фарзандга ҳар ким ҳар хил муносабатда бўлади. Бироқ, ҳар ким вақти келиб экканини ўришини унутиб қўяди. 

Иномжон Давлатов Меҳрибонлик уйида вояга етган қизлардан бирини турмушга бергани, уни оқ либосда узатиш чоғида ота сифатида дуо берганини фахр билан тилга олди. 

Оилада эса нафақат ўзи, балки турмуш ўртоғи, онаси билан биргаликда болаларга меҳр беришмоқда. Улар биргаликда саёҳатга, тадбирларга боришлари мароқли эканини болажонлар ҳам эътироф этди.

– Болаларга меҳр бериш, юртимизга, Президентимизга садоқат билан хизмат қилиш – менинг бурчим, – дейди Иномжон. – Меҳрга муҳтож қалбларга меҳр улашайлик. Зеро, меҳр ярадор қалбнинг калитидир. 

Айтиб ўтиш керакки, айни пайтда Ўзбекистонда Оилавий болалар уйлари сони 140 тага етган. Бундай оилаларда минг нафарга яқин бола тарбияланмоқда. 

Миллий гвардия томонидан олиб борилган ўрганиш ишларидан кейин 2 мингдан ортиқ Меҳрибонлик ҳамда болалар уйларининг тарбияланувчилари ўз оилалари ва яқин қариндошларига топширилган. 

Бундай хайрли ишлар натижасида ўнлаб Меҳрибонлик уйлари ёпилди. Зотан, шароит қанчалик яхши бўлмасин, ҳар бир бола оила бағрида яшашни, яқинлари бўлишини истайди. Оилавий болалар уйларида яшаётган болалар буни бот-бот такрорлаши бежиз эмас, ахир. 

Бундай хайрли ишлар бардавом бўлиб, Меҳрибонлик уйлари батамом тугатилса, ҳар бир бола оила меҳри оғушида яшаса нур устига аъло нур бўлар эди. 

                                                                  

Норгул Абдураимова,

                  Нишон Абдувоитов (видео), ЎзА