Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бу менинг шаҳрим, менинг маҳаллам...
12:31 / 2023-06-01

Ўзбекистон Миллий университетининг кечки бўлимида таҳсил олганман. Кечки бўлимда ўқишнинг ўзига яраша машаққатлари бор, албатта. Ўша пайтларда транспорт қатновини талаб даражасида деб бўлмасди. Ишдан ўқишга, сўнг уйга қайтиш муаммо эди. Маҳалламизга қатнайдиган автобуслар қош қорайди дегунча ҳаракатини тўхтатарди. Дарсдан сўнг уч-тўртта талаба Тошкент тўқимачилик комбинати ишчиларини “Қўйлиқ-5” мавзесига элтадиган навбатчи автобусга етиб олишга ҳаракат қилардик. Автобусдан тушгач, уйгача яна камида тўрт чақирим масофани пиёда босиб ўтиш керак. Ора-сира ўтиб қоладиган машиналар эса тўхтамасди. Чунки Хонобод қишлоғи шаҳардан четроқдалиги сабаб, тунда юришга кўпчилик ҳайиқарди.

Беруний маҳалласига кираверишда зах сув йиғиладиган жой бор эди. Қамишзор, чакалакзор бўлганлиги сабаб тунда юриш қўрқинчли эди. Узоқ-узоқларда милтираган чироқлар кўриниб қоларди. Ўйдим-чуқур кўчалар. Ўша пайтлар отам Сергели шаҳарчасидаги савдо дўконларининг бирида ишларди. Онам билан ҳар куни тунда ўша хилват қамишзор ёнида отамни кутгани чиқардик. У пайтлар ёлғиз юрган йўловчининг йўлини тўсиб, тунаб кетувчилар ҳам учраб турарди. Зах сувдан одам жасади топилган пайтлар ҳам бўлган ва бу эса қишлоқ аҳлини ваҳимага соларди. Хуллас, бу жойларда тунда юриш нохуш оқибатларни келтириб чиқарарди.  

[gallery-12153]

Яқин ўтмишни эслаб, қаламга оляпману, кўз олдимда кейинги йилларда намоён бўлаётган ўзгаришлардан ҳайратга тушяпман. Айниқса, Хонободда метро қатновининг йўлга қўйилиши ёши улуғ маҳалла аҳлининг тушига ҳам кирмаган. 2020 йилнинг август ойида Тошкент ерусти метросининг биринчи босқичи ишга туширилган эди. Йилнинг декабрь ойида Сергели йўналиши очилди. Бугунга келиб бу икки йўналишни боғловчи Қўйлиқ – Сергели метро йўли барпо этилмоқда. Қарийб 12 километрли бу қисмда 7 бекат бўлади. Айни кунларда унинг “Қурувчилар” даҳасигача борган 5 бекати қуриб битказилди. Олдин Тошкент метрополитенидан 240 минг йўловчи фойдаланган бўлса, бугунги кунда йўловчилар сони 600 мингдан ошди. Қурувчилар даҳасидан Қипчоқ бекатигача бўлган 4 километрли метро йўли ҳам яқин ойларда ишга туширилади. Шу тариқа, Қўйлиқ ва Сергели орасидаги қатнов вақти 15 дақиқани ташкил этади. Мазкур йўналиш бир кунда 40 мингдан зиёд йўловчига хизмат кўрсатади.  

Хизматга чоғланиб йўлга тушдим. Узоқдан қуёш нурларида мовий, зангори рангларда кўзни қамаштирадиган метро поездига кўзим тушди. Шунда руҳимда бир қувонч ҳиссини туйдим. Бу менинг шаҳрим, бу менинг маҳаллам, бу менинг метром, деб баралла ҳайқиргим келди. Метро йўналишини кузатаман. Инсон эҳтиёжи учун хизмат қилувчи дўконлар, дорихоналар, машиналар учун ёқилғи қуйиш ва сервис хизмати кўрсатувчи шохобчалар. Туни кундузидан ёруғ ва ойдин кўчалар. Буларнинг ҳаммаси меҳнатдан бўйин товламайдиган мард, камсуқум ва танти халқимиз учун, албатта. Оғир кунлар ортда қолди. Бундай шароитлар ўзининг азалий ақидасига таяниб, мен қийналдим, фарзандларим қийналмасин деб яшайдиган, ўз овозига эга миллат учун яратилмоқда. Айниқса, шаҳарсозлик мисли кўрилмаган даражада юксалиб бормоқда. Архитектура барча соҳалар қатори юксалиш босқичига чиқиб олди, деб баралла айта оламиз.  

Дам олиш куни набираларим билан метронинг Сергели – Қўйлиқ йўналишлари бўйича ҳаракатланаётган поездга чиқдим. Бири биридан гўзал манзаралар. Шаҳар йўлларида ҳаракатланаётган машиналар оқимига қарайман. Кимдир ўқишга, кимдир ишга отланган, яна кимдир ўз юмушлари билан йўлга чиққан. Мен шунчаки метрода шаҳарни томоша қилиш учун чиқдим. Ҳақиқатдан ҳам ҳайратланарли. Набираларимнинг қувончини кўриб, уларга қўшилиб ёш боладек ҳайқиргим келди. Чунки ҳақиқатдан гўзал. Яна бир жиҳати – қулай, арзон ва тезкор. Бекатлар одамлар билан гавжум. Вагонлар шинам, ҳар бир бекат номи эълон қилинишидан ташқари, яна эшиклар тепасига ўрнатилган монитор орқали кўрсатилиб борилади. Метро хизматчилари биринчи бор поездга чиққан йўловчиларга ҳар бир йўналиш бўйича хушмуомалалик билан муносабатда бўлади. Бекатлардаги ўзига хос жиҳатларни кузатаман. Бир-бирини такрорламайдиган ҳам шарқона, ҳам Европа усулидаги уйғунлик кўзни қамаштиради.  

Хорижлик сайёҳларга кўзим тушди. Гўзал лаҳзалардан ҳайратга тушиб, қўлларидаги камералар билан шошилиб тасвирга олишмоқда. Шунда бир дўстимнинг айтган сўзлари ёдимга тушди. Унинг айтишича, бир танишининг фарзанди оиласи билан хорижда ҳам ишлаб, ҳам ўқир экан. Бир йилда бир бор фарзандининг олдига бориб, саёҳат қилиб келишаркан. Хорижда кўрганларини юртимиз билан таққослаб, Ўзбекистоннинг улар даражасига етиб олиши учун камида эллик йил керак, деркан. Гапни қаранг! Ўзбекнинг ўйлаб айтилган бир мақоли бор: “Хўроз ҳамма ерда бир хил қичқиради”. Тўғри, айрим соҳаларда улар илдамдир. Аммо, биз бугунни кечаги кунимизга қиёслаб кўрайлик. Бундан эллик йил илгари аҳвол қандай эди? Бугунга келиб нималарга эришдик? Ахир, бир жойда депсиниб турганимиз йўқ. Ҳар соҳада ўз ўрнимиз, ўз йўлимиз бор. Хорижликларнинг юртимизга келиб ҳавас қилаётган жиҳатлари йўқми? Ҳар бир келган хорижликда буларга етишимиз учун йиллар керак, деган ўй йўқмикан? Бизнинг маданиятимизга, урф-одатларимизга, меҳмондўстлигимизга, кексаларга меҳрибон, ёшларга ғамхўрлигимизга уларнинг ҳаваси келмаяптими?  

Бундай миллат, бундай юрт фақат шу заминда ягона. Бу сўзларим баъзиларга эриш туюлиши мумкин. Мен шу юртнинг фарзанди эканимдан фахрланаман, шукур қиламан. Шукроналикда, қаноатда яшашга ўрганишимиз лозим. Бунинг эса, албатта, мукофоти бўлади. Кечаги кун тарихга айланди. Бугунги кунга назар ташланг, гўё мўъжиза дейсиз. Давр ўзгарди, дунёқараш ўзгарди. Кишилар турмушида юксалиш бошланди. Замон билан эмас, замондан илдамлаб, шижоат билан яшашга иштиёқ уйғонди. Устимиз бут, қорнимиз тўқ. Тўйлар қиляпмиз, замонавий уйлар қуряпмиз. Бу нимадан далолат? Албатта, юртимиздаги тинчликдан, ҳамжиҳатликдан. Ютуқлар кўп. Яхши натижалар бисёр. Инсонлар турмушидан рози бўлиб яшаш бахтига эришмоқда.  

Бу юртимизда олиб борилаётган адолатли ва изчил сиёсатнинг амалдаги ифодасидир.  

 

Асрор Сулаймонов,  

ЎзА мухбири