Миллий матбуот марказида таниқли шоира, “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар, Журналистлар уюшмаси аъзоси, моҳир публицист Зулфия Мўминованинг “Бу кунларни шеър қил, шоирим” деб номланган китоби тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Китоб тақдимотига адабиёт мухлислари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, атоқли шоира, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Фарида Афрўз, педагогика фанлари доктори, профессор Ойниса Мусурмонова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира Шарифа Салимова, устоз журналист ва публицист Тўлқин Эшбек, таниқли шоира Фароғат Худойқулова ва бошқалар Зулфия Мўминова халқимизнинг тиниб-тинчимас, куйинчак, ҳамиша одамлар орасида юрадиган, фидойи ва заҳматкаш ижодкорларидан бири эканини эътироф этдилар.

Мазкур китоб мамлакатимизнинг етакчи босма нашрларидан жой олган 70 га яқин публицистик мақола, эсселарнинг барчаси улкан бунёдкорлик ишларининг моҳияти ва салмоғига бағишлангани билан аҳамиятли.
Шу маънода доим дахлдорлик ҳисси билан яшаётган, жонкуяр ва бедор Зулфия Мўминованинг қайноқ қалами остида ҳар бир мақола мукаммал публицистик асарга айланган, дейиш мумкин.
“Юртимда бари янги, ҳаммаси янги”, “Қорақалпоқ томонларда”, “Нарпайим”, “Фирдавсмонанд Самарқандим”,”Сирдарё бўйларида”, “Айтинг, қанча меҳр керак”, “Мардлик насимлари эсган Ватан бу”, “Нажот қушлари”, “Осмондан тушмади бу гул, гулзорлар”, “Темир иродали олтин одамлар”, “Тўйларни не томошага айлантирдик”, “Газета ва журнал бахт олиб келади” каби мақолалар айниқса таъсирли.

Турфа тақдирларнинг изтироблари, жазо муддатини ўтаётган маҳкум аёлларнинг афсуслари, кичик томорқасини фаровонлик қўрғонига айлантираётган миришкор деҳқонлар, армиямиз қудратига қудрат қўшаётган азаматлар ғурури, дабдабабозлик ва исрофгарчиликдан боши чиқмаётган маҳдуд тоифа ҳақида жуда ибратли фикрлар баён этилган.
Зулфия Мўминова мафкуравий хуружларга тўла оламда ҳар бир ўқувчи қўлидан тутиб, огоҳлик ва сергаклик қўнғироғини чалади, ҳамюртларимизни жасорат ва маърифатга, шукроналикка даъват этади.
Серқирра шоира, халқнинг дарду ташвишлари билан яшаётган, чин миллатпарвар, замон билан ҳамқадам ва ҳамнафас қаламкаш сифатида муқаддас юртимиз, олижаноб халқимиз, меҳнаткаш ва бағрикенг ватандошларимиз, дунёда тенги йўқ буюк тарихимиз қаршисида таъзим қилади. Тили равон ва ниҳоятда жозибали услубда ёзилган асарда бадиий-публицистик ифода уйғунлиги таъминлангани эътиборга молик.

–Мен қирқ ёшимгача Ватан ҳақида ёзолмаганман, – деди Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Фарида Афрўз. – Сабаби, Ватан ҳақида ёзиш катта масъулият, теран ёндашувни, она-Ватанни юракдан ҳис этишни талаб этади. Зулфия Мўминова “Маънавият карвонлари” лойиҳаси доирасида юртимизнинг энг олис ҳудудларида бўлиб, одамлар билан суҳбатлашади, ислоҳотларни ўз ижодида акс эттиради. Муаллифнинг янги китобидан жой олган 70 га яқин эссенинг ҳар бири алоҳида роман бўлишга арзигулик мавзу.
Китоб тақдимотида Зулфия Мўминованинг ижоди, серқирра фаолияти ва янги асари хусусида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири