Бу гапларни ёзмасликнинг иложи бўлмади
Бугун карантин сабаб ҳар биримизнинг одатий турмуш тарзимиз бир қадар ўзгарган ҳолатда яшаяпмиз, албатта бунга кўникиш бир оз қийин кечаяпти.
Бугун карантин сабаб ҳар биримизнинг одатий турмуш тарзимиз бир қадар ўзгарган ҳолатда яшаяпмиз, албатта, бунга кўникиш бир оз қийин кечаяпти.
Кимгадир панд-насиҳат қилиш ниятидан олисдаман, аммо бу гапларни ёзмасликнинг иложи бўлмади.
Биз, аҳолимиз назаримда ҳалиям бу балолар биздан анча нарида, дашту қирлар ортидадек тасаввурдамиз. Йўқ, сира унақа эмас! Бу зарраи бало, ҳар онда ҳар биримизга ҳар турли йўл билан юқиши мумкин. Бу балони даф этишнинг битта йўли, ҳа ўша... уйда қолиш.
Ҳафта - ўн кундан бери уйдаман, аммо бугун иложсизликдан чиқдим. Ҳудудимизда жойлашган энг яқин тиш шифокорига боришга мажбур бўлдим. Минг афсуски, кўчада мен ўйлаганимдан анчагина кўп одам, айниқса ёшлар. Қайтарканман, кўча бошида икки таниш аёл суҳбатлашиб туришганини кўрдим. Бири ўзини оғзидаги ниқобни иягига тушириб олган, боласи ниқобсиз атрофида ўйнаб юрибди. Айтмасам бўлмади, огоҳлантирдим. “Э қўявринг, бола-да, ҳеч тақдиролмаяпман. Қолаверса, Худо асраса бало ҳам урмайди", дейди бамайлихотир.
"Ҳақсиз, аммо ҳар нарсага қодир Аллоҳим, асранганни асрайман ҳам деган", дея, эҳтиёт бўлишини айтиб кетдим. Аёл: “Бола меники, сизга нима”, дегандай энсаси қотиб хайрлашди.
Минг афсуски, бу офат учун чек-чегара, ирқ-миллат, таниш-билиш йўқ. Дунёнинг мана-ман деган давлатлари чорасизликдан бош қотириб ўтирганда, кескин чораларни кўраётганда, биз қачон буни жиддийлигини англаб, қачон масъулият ҳис этамиз? Бу - давлатимизнинг фидойиларча жон куйдиришини, қатъий талабларини четлаб ўтадиган, милиция ходимлари кўринмаса ниқобни ечиб оладиган, танбеҳ берганга энсанг қотиб қарайдиган, зерикканда машинасида айланиб келиш учун рухсатнома олишга важ қидирадиган даражадаги енгил вазият эмас. Инсон, миллат деган номга муносиб бўлиб, қалбимизни иллатлардан холи этмоқ, руҳиятимизни-да покламоқ имкони бу. Бир халқ, бутун миллат бўладиган фурсат бу!
Юртдошларим, бу балога бир оз жиддий қарайлик... Ўзимиз учун бўлмаса, болаларимиз, жигарларимиз, миллатимизга бўлган ҳурматимиз, меҳримиз муҳаббатимиз бор-ку. Биз жиддий қарашимиз учун наҳотки, албатта, қайсидир биродаримизнинг ўлим талвасасида ётганини ўз кўзимиз билан кўришимиз шарт бўлса?!
Жаҳон аҳли азият чекаётган бу қийин кунлар албатта ўтади, кўпга келган тўй. Бу офатнинг қанчалар тез бартараф этилиши кимларгадир эмас, сизу бизга, ҳар биримизга боғлиқ. Аллоҳ насиб этса, бу синов кунларида бирдам бўлиб, жипслашиб, сабрли бўлсак, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилсак, албатта, касалликни тезроқ енгиб ўтамиз.
Ҳукуматимиз бу борада барча зарур чораларни кўрмоқда, ҳеч бир ватандошимиз ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаяпти. Бу балои офат билан олдинги сафларда курашаётган фидойиларимиз ҳар қанча таҳсинларга лойиқдирлар.
Бизнинг эса бу курашдаги асосий вазифамиз, қўшадиган ҳиссамиз, келтирадиган фойдамиз яна ўша - УЙДА ҚОЛИШдир.
Ҳар қандай қаро тундан кейин, албатта ёруғ тонглар отажак. Яратганнинг ўзи халқимизни ва бутун инсониятни бу офатдан тезроқ озод қилсин, барчамизни ўз паноҳида асрасин!
Зилола Хўжаниёзова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси