Бельгия пойтахти Брюсселда Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг “Гимнич формати”даги норасмий учрашуви бўлиб ўтди.
Европа вазирлари халқаро кун тартибидаги бир қатор долзарб масалаларни, жумладан, Яқин Шарқдаги вазият, Украина, Венесуэла, Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасидаги муносабатларни муҳокама қилдилар.
Расмий қарорлар кутилмаса-да, муҳокамалар Европа Иттифоқининг ушбу долзарб масалалар бўйича позициясини шакллантириш учун жуда муҳим, дея хабар берди маҳаллий нашрлар.

Шунингдек, йиғилишда Туркия ва Украина ташқи сиёсат идоралари етакчилари ва БМТнинг Ғазо секторидаги гуманитар масалалар бўйича вакили Сигрид Кааг ҳам иштирок этди.
ЕИнинг 27 давлати ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашувлари йилига икки марта – ЕИ Кенгашига олти ой раислик қиладиган мамлакатларда ўтказилади.

Ҳозирда Венгрия Европа Иттифоқига раислик қилмоқда, шунинг учун ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашуви анъанага кўра, раислик қилувчи мамлакат ҳудудида бўлиб ўтиши керак эди.
Лекин Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жосеп Боррелл Венгриянинг Украина бўйича позицияси туфайли мазкур йиғинни Будапештдан Брюсселга кўчиришга қарор қилганини айтди.

– Мен ушбу учрашувни Брюсселда ўтказишни янада тўғрироқ деб ҳисобладим, чунки Венгрия ҳукумати томонидан эълон қилинган бир қатор позициялар Европа Иттифоқининг умумий сиёсатига зиддир, -деди Боррелл норасмий учрашув бошланишидан олдин ўз нутқида.
Аввалроқ Киевга ҳарбий ёрдамни ошириш тарафдори бўлган Боррелл Будапештнинг тинчликка эришиш йўлидаги ҳаракатларидан норозилигини билдирган эди. Шунингдек, у Венгрия Киевга қурол етказиб бериш учун компенсация сифатида Европа давлатларига 6 миллиард евро ўтказишга ҳали рози бўлмаганини айтди.
Бугун Брюсселда Европа Иттифоқи мамлакатлари мудофаа вазирлари худди шундай учрашув ўтказади.
Ў.Алимов, ЎзА