Брюсселда COVID-19 бўйича чекловларга қарши умумевропа норозилик чиқишлари бўлиб ўтди
Евроиттифоққа кирувчи мамлакатлардан келган юзлаб одамлар шанба куни оқшомда Брюссел кўчаларига чиқишди. Улар Европа иттифоқи ҳудудида санитар чекловларига қарши норозилик намойишини ўтказди, деб хабар бермоқда РИА Новости агентлиги.
Акцияни “Бирлашган европаликлар” ҳаракати ташкил этган. Тадбир ўтказилишига полиция рухсат бергани айтилмоқда.
Намойишчилар Брюсселнинг Европа комиссияси ва Европа иттифоқи кенгаши идоралари жойлашган кўчасидан ўтишган.
Европа иттифоқи расман 1 июлдан бошлаб электрон тарзда коронавирус сертификатини жорий қилганди. У шахснинг коронавирусга қарши тўлиқ эмланганини ва ПЦР-тест натижалари салбий чиққанини ёки COVID билан касалланиб тузалгани ва иммунитетга эгалигини тасдиқлаши лозим.
Европа иттифоқига кирувчи айрим мамлакатлар эмланганлик тўғрисидаги сертификатни нафақат сафарга чиқиши, балки ресторан, музей ва бошқа жамоат жойларига бориш учун ҳам талаб қила бошлаганди. Бу шубҳасиз, европаликлар учун қатор ноқулайликларни туғдираётганди.