Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Брокколи – даромад манбаи
16:00 / 2025-07-24

Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги “Ғолиблар” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолининг томорқадан самарали фойдаланиш имкониятлари янада кенгайиб бораяпти.

Тажрибали деҳқонларнинг ташаббуси билан бугунги кунда маҳаллада брокколини етиштириш орқали янги тадбиркорлик йўналиши тобора шаклланиб, аҳоли даромадини ошириш билан бирга, янги иш ўринлари яратилишига ҳам хизмат қилаётир.

Брокколи – карамнинг бир тури бўлиб, витамину минералларга бой, парҳезбоп ва фойдали сабзавот ҳисобланади. Унинг таркибида A, B, C, K витаминлар гуруҳи, темир, калий, кальций, клетчатка каби биологик терминлар мавжуд. Иммунитетни мустаҳкамлайди, ҳазм тизимини яхшилайди ва организмни холестериндан тозалашга ёрдам беради.

Агротехник жиҳатдан брокколи тезпишар сабзавот бўлиб, 60–80 кунда ҳосилга киради. Ушбу маҳсулотдан гектарига ўртача 15–20 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Ушбу сабзавотга бозорда талаб юқори бўлгани сабабли деҳқонлар учун даромадли экин ҳисобланади.

Брокколи экинининг юқори ҳосилдорлиги эвазига арнасойлик ёш деҳқонлар бу маҳсулотни даромадли йўналиш сифатида танламоқда. 

Айни пайтда, “Ғолиблар” МФЙ даги фуқаролар ўз томорқаларида брокколи экиб, бир вақтнинг ўзида ички бозор ва яқин ҳудудларга маҳсулот етказиб бермоқдалар.

Таъкидлаш жоизки, деҳқонлар ўртасида тажриба алмашиш, агротехник ёрдам кўрсатиш, кўчат парвариши ва суғориш масалаларида ҳамжиҳатликда иш олиб борилмоқда. Бу эса маҳаллада ҳамкорлик ва масъулият ҳиссини янада мустаҳкамлаётир.

Арнасой тумани ёшларининг ҳам бу брокколига қизиқишлари ортиб бораётгани эътиборга лойиқ. Брокколи етиштириш орқали тадбиркорликнинг янги модели шаклланиб, томорқаларни даромад манбаига айлантиришнинг самарали йўли янада кенг очилаётганини ҳам шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз.

Шу билан бирга, тумандаги “Бўстон” МФЙ да ҳам ғолибликлар тажрибасига ҳоким ёрдамчилари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уйма-уй юриш орқали томорқачилик, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ўз бизнесини йўлга қўйиш бўйича амалий тавсиялар берилмоқда.

Мақсад аниқ: ҳар бир хонадон ўз имкониятини ишга солган ҳолда даромадли фаолиятга эга бўлиши керак. Ғолиблар маҳалласида брокколи етиштириш бу мақсад сари ташланган муҳим қадамдир.

А. Қаюмов, ЎзА мухбири