English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БРМ рейтингида Ўзбекистон 166 мамлакат орасида 69-ўринни эгаллади
11:42 / 2023-11-10

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш қўмитаси, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва барча ёшдаги кишиларнинг фаровонлигига кўмаклашиш” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Мамлакатимизда жорий йил биринчи марта 1 ноябрдан 30 ноябрга қадар ўтказилаётган Барқарор ривожланиш ойлиги доирасида ўтказилган конференцияда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида мамлакатимизда оналар ва болалар ўлимлари ҳолатларини қисқартириш, юқумсиз касалликлар оқибатида эрта ўлимлар олдини олиш, йўл транспорт ҳодисаларини камайтириш борасидаги ишлар таҳлил қилинди.

Конференцияда қайд этилганидек, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи ва 2023 йилда халқаро экспертлар томонидан эълон қилинган БРМ рейтингида 71,1 индекс билан 166 та мамлакат орасида 69-ўринни эгаллади. Ушбу натижа 2022 йилга нисбатан 8 поғонага яхшиланди. Ўтган йили Ўзбекистон 69,9 индекс билан 77-ўринда қайд этилган эди.  

– “Соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва барча ёшдаги кишиларнинг фаровонлигига кўмаклашиш” мақсадининг ўзи 10 та долзарб йўналишни қамраб олган, – дейди Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш қўмитаси раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова. – Оналар ва болалар ўлимлари ҳолатларини қисқартириш мақсадида болалар жисмоний ривожланишида ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, бўйида орқада қолиш кўрсаткичи 2 баробарга, кам вазнлилик 6,4 баробарга камайди. 2016 йилда 300 нафар болаларда кардиожарроҳлик амалиёти ўтказилган бўлса, 2022 йил якунида ушбу кўрсаткич 3000 нафарни ташкил этди. Кам вазн тоифасида туғилган чақалоқларга юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг яшаб қолиш даражаси 85 фоизга ошди ва чала туғилган чақалоқларнинг ногиронлиги 2 маротабага камайди. Қўмитамиз томонидан ҳам БРМга эришиш борасидаги вазифаларни амалга оширишга кўмаклашиш юзасидан парламент назорати амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилда “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида"ги қонуннинг 7, 9, 10-моддалари ижроси назорат-таҳлил тартибида ўрганилди ва камчиликлар тегишли масъуллар иштирокида муҳокама қилинди.  

Конференцияда аҳолининг соғлом турмуш тарзини таъминлаш, тиббий хизматлар сифатини янада ошириш, оналар ва болалар ўлими ҳамда турли касалликларни камайтиришга қаратилган чоралар бўйича таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА