Aнглия банки 5 июнь куни қирол Чарлз III портрети туширилган банкнотани муомалага чиқарди, дея хабар бермоқда "Kazinform" агентлиги.
Амалдаги пул эскирганлиги боис 2022 йил сентябрда вафот этган қиролича Елизавета II портрети алмашади. Янги банкнота эгилувчан елимдан тайёрлангани учун тез эскирмайди.
Шундай қилиб, Чарлз III мамлакат пул бирлигида тимсоли акс этган иккинчи монархга айланди. 1960 йил илк бор монарх сурати билан қоғоз фунт чоп этилган.
“Бу тарихий лаҳза: биринчи марта банкнотамиздаги портретни ўзгартиряпмиз”, деди Aнглия банки губернатори Эндрю Бейли.
Пулнинг орқа томонида аввалги тасвир сақланиб қолган. Яъни, беш фунтликда Уинстон Черчилл, ўн фунтликда ёзувчи Жейн Остин, йигирма фунтликда рассом Жозеф Тёрнер ва эллик фунтлик банкнотада математик Aлан Тьюринг.
Шотландия ва Шимолий Ирландиядаги бир неча банк Aнглия Банки билан келишган ҳолда, на монарх, на машҳур инглизлар кўринмайдиган ўз фунтини чиқаради.
Aнглия банки ўтган йил Чарлз III сурати солинган биринчи нотани чоп этган, аммо нақд пулни қабул қилувчи машиналар қайта конфигурация қилинмагунча, муомалага киритилмаган.
Портретга 2013 йил олинган фото асос қилинган.
Aпрель ойида Чарлз IIIга илк серия ва рақамли янги банкноталар тўплами тақдим этилди.
Aнглия банки губернатори Эндрю Бейли таъкидлашича, кўплаб британияликлар учун нақд пул муомаласи ҳамон муҳимлиги тушунарли. Шу боис ва банкнота ва тангалар жамият талаб қилган вақтгача муомалада ушлаб турилади.
Маълумотга кўра, Британияда нақд пул хариди улуши, бошқа кўплаб мамлакатларда бўлгани каби, сўнгги ўн йил ичида тез пасаймоқда. Бу кўрсаткич 2013 йил 50, 2022 йил 15 фоизни ташкил этган, 2023 йил юқори инфляция туфайли 19 фоизга кўтарилган.