Бирлашган Қироллик Бош вазири Риши Сунак мамлакат ядро саноатига 252 миллион доллар сармоя киритиш режасини эълон қилади. Британия раҳбари айтишича, ушбу соҳага эътибор қаратиш хавфли ва баҳсли дунёда жуда муҳим бўлиб, аҳоли хавфсизлигини таъминлайди.
Бош вазир идораси якшанба куни Сунак душанба куни ядровий сув ости кемалари қуриш ва атом энергетикаси саноати келажагини таъминлаш бўйича миллий саъй-ҳаракатлар режасини эълон қилиши ҳақида ёзган. Бу лойиҳа 40 минг иш ўрни яратиш имконини беради.
Режага кўра, ҳукумат Англия шимолидаги Барроу-ин Фернесс шаҳри аҳолисини иш билан таъминлаш, транспорт тизимини яхшилаш ва турар-жой қуриш учун сармоя киритади. Шунингдек, 2030 йилга бориб иш жойи ҳосил қилиш ва таълимни ривожлантиришга камида 962 миллион доллар инвестиция киритиш учун “BAE Systems”, “Rolls-Royce”, “EDF” ва “Babcock” каби саноат иштирокчилари билан ҳамкорлик қилинади.
Буюк Британия ядро саноати ҳукумат атом энергетикаси истиқболи туфайли юқори ўсиш даврини бошдан кечирмоқда. Бу жараёнда 2030 йилгача 123 минг янги ишчига эҳтиёж туғилади. Мамлакат сув ости кемаси саноати яқин йиллар ичида “AUKUS” хавфсизлик пакти тузилгандан сўнг ўсиши кутилмоқда. Мазкур ҳужжат Буюк Британия ва Қўшма Штатлар Австралияга ядровий сув ости кемалари сотиб олишда ёрдам беришини кўзда тутади.
С.Поёнов,
ЎзА