Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Британия ва Япония олимлари интернет тезлиги бўйича рекорд ўрнатди
13:16 / 2026-01-20

Британия ва Япония олимлари интернет орқали маълумот узатиш тезлиги бўйича янги рекордни қайд этди. Буюк Британиядаги Астон университети ҳамда Япониянинг Ахборот-коммуникация технологиялари миллий институти (NICT) тадқиқотчилари стандарт оптик толали сим орқали сониясига 430 терабит (Tbps) тезликка эришди. Бу ҳақда "TechRadar" хабар берган.

Муҳим жиҳати шундаки, айни натижага янги кабель ётқизиш ҳисобига эмас, балки дунё бўйлаб аллақачон фойдаланилаётган оддий оптик толали инфратузилма орқали қўлга киритилди.

430 Tbps тезлик нечоғли юқорилигини тушуниш учун мутахассислар оддий мисол келтирган. Ҳажми тахминан 80 GB бўлган “Battlefield-6” видео ўйинини одатий 1 Gbps тезликдаги уй интернетида юклаб олиш учун қарийб 11 дақиқа керак. Янги технология ёрдамида эса бу жараён атиги бир миллисонияда амалга ошади. Бу ҳатто инсон киприк қоқишидан ҳам юз баробар тез, дегани.

Янги натижа ушбу илмий гуруҳнинг аввалги 402 Tbps рекордидан ҳам юқори. Мавжуд оптик толали симдан янада самарали фойдаланиш усули топилгани ҳам асосий ютуқ сифатида эътироф этиляпти. Дарвоқе, бу гал кўп жилдли янги кабель ўрнига оддий бир режимли оптик толали симдан фойдаланилган, сигнал узатиш технологияси эса тубдан ўзгартирилган.

Таъкидланишича, бу лойиҳа стандарт оптик толали кабель имкониятидан анча кенгроқ фойдаланиш мумкинлигини исботлайди. Мутахассислар ушбу ютуқ 6G ва 7G каби келажак алоқа тармоғи учун муҳим пойдевор бўлишини айтмоқда. Бундай ўта тезкор интернет сунъий интеллект, сана марказлари, автоном транспорт ва юқори аниқликдаги рақамли хизмат учун ҳам жуда муҳим ҳисобланади.           Ф.Яхшибоева, ЎзА