Британиянинг “Нортумберленд” ва “Ричмонд” фрегатлари НАТО баталёни жойлашган Эстонияга ҳарбий техника ҳамда материаллар етказиб берди.
Буюк Британия мудофаа вазирлигининг хабар беришича, Болтиқ денгизида Дания, Латвия, Литва, Швеция ва Эстония қўшинлари билан ўтказилган қўшма машғулотларда Қироллик денгиз флоти кемалари ҳам иштирок этган.
– Болтиқ денгизида навигация эркинлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим, – деди британиялик генерал-майор Жим Моррис.
Февраль ойида Британия томони Эстонияга қўшимча танк ва зирҳли техникалар юборган эди. Шунингдек, Лондон Таллиндаги контингенти сонини икки баравар ошириб, уни 1800 аскарга етказган. Буюк Британия, Дания, Исландия, Латвия, Литва, Нидерландия, Норвегия, Финляндия, Швеция ва Эстония вақти-вақти билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиб туради.
Март ойида Лондонда бўлиб ўтган учрашув чоғида бу давлат раҳбарлари Европадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият кескин ўзгаргани муносабати билан ҳамкорликни кучайтиришга, қуруқлик ва денгизда, жумладан, баланд кенгликларда, Шимолий Атлантика ҳамда денгизда кўпроқ манёврлар ўтказишга ваъда берган эди.