Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Британия капитали ва тажрибаси Тошкентда (+видео)
17:52 / 2026-02-17

Пойтахтимизда ўтган Буюк Британия – Ўзбекистон инфратузилма конференцияси икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар ривожида амалий бурилиш нуқтасига айланди. Қироллик Бизнес ва савдо вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг устувор инфратузилма лойиҳаларини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш масаласи кўтарилди.

Анжуман Буюк Британиянинг республикамиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Смартнинг кириш сўзи билан бошланди. Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича савдо вакили Лорд Олдердайс ҳамда Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев инфратузилмани савдо ва инвестициявий ҳамкорликнинг стратегик йўналиши сифатида эътироф этдилар. Асосий урғу лойиҳаларнинг банк қобилиятини ошириш, халқаро экспертиза ва барқарор лойиҳа портфелини шакллантиришга қаратилди.

Транспорт инфратузилмаси энг фаол муҳокама қилинган йўналиш бўлди. Темир йўл, аэропорт ва вокзаллар модернизациясини халқаро инвесторлар талабига мос шакллантириш масаласи кўтарилди. Спикерлар интеграциялашган режалаштириш, сифатли техник-иқтисодий асос ҳамда мураккаб лойиҳалар учун жозибадор молиявий моделлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Шаҳарсозлик мавзусига бағишланган сессияда Ўзбекистон шаҳарларини замонавий режалаштириш, қайта қуриш стратегиялари ва рақамли қурилиш воситалари орқали янгилаш имкониятлари муҳокама қилинди. Дизайн сифати, барқарорлик ва замонавий етказиб бериш стандарти тараққиётнинг асосий мезони сифатида кўрсатилди.

Молиялаштириш масаласи алоҳида эътибор марказида бўлди. Мутахассислар лойиҳаларнинг банк қобилиятини ошириш учун хатарларни аниқ тақсимлаш, реал муддатларни белгилаш ва пухта ишлаб чиқилган давлат-хусусий шериклик моделидан фойдаланиш зарурлигини қайд этдилар. Халқаро молия институтлари ва тижорат банклари билан эрта босқичда мулоқот қилиш сармоядор ишончини мустаҳкамловчи омил сифатида тилга олинди.

Якуний сессияда энергия тақсимоти ва электр тармоғини модернизация қилиш, шунингдек замонавий тиббиёт муассасалари инфратузилмасини яхшилаш масалалари кўриб чиқилди. Халқаро техник экспертиза ва хусусий сектор иштироки барқарор энергия тизими ва сифатли соғлиқни сақлаш инфратузилмаси яратишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани таъкидланди.

[gallery-27714]

Конференция якунида “UK Export Finance” томонидан кичик ҳажмли битимлар учун харидор кредит кафолати механизми бўйича амалий семинар ўтказилди. B2B учрашувлари эса британ ва ўзбек компаниялари ўртасида аниқ тижорий лойиҳалар учун музокараларга замин яратди.

Хулоса қилиб айтганда, Тошкент конференцияси шунчаки мулоқот майдони эмас, балки Британия капитали ва тажрибасини Ўзбекистон инфратузилмасига жорий этиш бўйича амалий механизмлар муҳокама қилинган стратегик платформа бўлди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/l6u-Kw0A-tA" title="Britaniya kapitali va tajribasi Toshkentda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Мусулмон Зиё,

Дониёр Ёқубов (видео),

Фарҳод Абдурасулов (сурат),

ЎзА