БРИКС ўйинларида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этади
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 12-23 июнь кунлари Россиянинг Қозон шаҳрида халқаро комплекс БРИКС ўйинлари мусобақаси ташкил этилади. Дунёнинг 60 мамлакатидан 4 минг 751 нафар спортчи мазкур мусобақада 27 спорт тури бўйича ўзаро рақобатлашади. Мусобақада Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этади.
Қувонарлиси, мусобақа расмий сайти маълумотига кўра, Ўзбекистон делегациясининг 173 нафар аъзоси белбоғли кураш, ушу, бокс, спорт гимнастикаси, каратэ, спорт курашлари, енгил атлетика, теннис, қиличбозлик, эшкак эшиш спорт турлари ва синхрон сузиш каби спорт турлари бўйича иштирок этиши аниқ бўлди. Шуни айтишимиз лозимки, Ўзбекистон делегацияси жами 19 спорт тури бўйича баҳсларда қатнашиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида, олтинчи бор ўтказилаётган БРИКС ўйинларида иштирокчилар жами 387 та медаллар жамғармаси учун кураш олиб боради. Мусобақанинг илк баҳслари 13 июнь кунидан бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА