Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Брифинг: Самарқанд Туркий цивилизация пойтахти, деб эълон қилинди (+видео)
16:10 / 2022-11-11

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов иштирокида брифинг ўтказилди. Унда 11 ноябрь куни ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити якунлари ҳақида маълумот берилди.

– Бугун куннинг биринчи ярмида Конгресс марказда асосий тадбир – Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда Ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилди.  

Жаҳонда рўй бераётган воқеаларнинг жадаллашуви ва халқаро муносабатлардаги ўзгаришлар, Туркий давлатлар ташкилотини замонавий воқеликка доимий мослаштириш зарурлигини тақозо этиши айтиб ўтилди,– деди Шерзод Асадов.

Иштирокчилар эътиборни замонамизнинг кучайиб бораётган таҳдид ва таҳликаларини енгиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида стратегик масалалар бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш зарурлигига қаратишди.

Президентимиз ўз нутқида Ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича қатор аниқ таклиф ва амалий ташаббусларни илгари сурди.

Аввало, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, «яшил» иқтисодиёт, ахборот технологиялари ва транспорт коммуникацияларини ривожлантириш орқали савдо-иқтисодий алоқалар асосларини мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.

Ушбу ғояларни амалга ошириш мақсадида Ташкилот шафелигида “Янги иқтисодий имкониятлар маконлари”ни шакллантириш, Халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказиш, транспорт соҳасида ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Ташкилот маконида озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришнинг самарали механизмларини шакллантириш бўйича битим тузиш ва ушбу ҳужжат орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигига алоҳида урғу берди.

Ёшлар соҳасидаги ҳамкорликка эътибор қаратиб, келаси йили Туркий давлатлар ёшларининг фан ва инновациялар бўйича халқаро конгрессини ўтказиш таклиф қилди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tiYCu3YDKW0" title="Брифинг: Самарқанд Туркий цивилизация пойтахти, деб эълон қилинди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

Бундан ташқари, Президентимиз ташкилотнинг институционал ислоҳотларини амалга ошириш масаласини олға суриб, хавфсизлик, савдо, инвестиция, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, туризм, фан ва технология, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда қўмиталар ташкил этиш таклифини илгари сурдилар.  

Саммит доирасида 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Жумладан,  

– Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити Декларацияси;

– Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимига Протокол;

– Туркий Инвестицион Фондни қисқа муддатларда тузиш тўғрисидаги Қарор;

– Божхона коридорларини соддалаштириш тўғрисидаги битим;

– Аралаш транспорт воситаларида юк ташиш тўғрисидаги битим;

– Туркий давлатлар ташкилотининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Стратегиясини қабул қилиш тўғрисидаги қарор;

– Савдо тартибларини соддалаштириш Стратегиясини қабул қилиш тўғрисидаги қарор.

Таъкидлаб ўтиш лозим, аъзо давлатлар Ўзбекистон Президентининг келаётган 2023 йилни Туркий цивилизациянинг юксалиши йили, деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлашди.

Тадбирда Қозоғистон Республикасининг таклифига кўра, Ташкилотнинг навбатдаги саммитини 2023 йилда Қозоғистонда ўтказишга қарор қилинди.  

Саммит доирасидаги яна бир муҳим воқеа бу – Самарқандни Туркий цивилизация пойтахти деб эълон қилиш ҳақидаги Ташкилот аъзо давлатларининг қароридир.

Бугун куннинг иккинчи ярмида делегация раҳбарлари Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонига ташриф буюриб, қардошлик ва дўстлик рамзи сифатида дарахт экиш маросимида иштирок этдилар.  

Маълумки, ташкилотда бугунги куннинг энг долзарб муаммоси бўлган экология масалаларига алоҳида аҳамият қаратилиб, табиатни асраш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуси билан “Яшил макон” дастури амалга оширилмоқда. Бундай лойиҳалар Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва Венгрияда ҳам бор, албатта.

Тадбирда дарахт экиш миллатларимиз қадрияти, бугунги муштарак интилишлар тимсоли экани таъкидланди.

Маросим Ташкилотга аъзо давлатлар пойтахтлари ва мамлакатимиз ҳудудларида видеоалоқа орқали кўрсатилди. У ерларда ҳам минглаб кўчатлар экилди. Шу тариқа, дарахтзорларни кўпайтириш ҳаракати халқаро миқёс касб этди.

Шу билан “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида ўтказилган тарихий Самарқанд саммити ўз якунига етди.  

Мазкур тадбирнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, туркий халқлар кўп асрлик тарихи давомида илк бор Туркий давлатлар ташкилоти доирасида тўлиқ йиғилди ва истиқболли ҳамкорлик масалалари юзасидан якдил фикр билдиришди.

Шу билан бирга, Самарқанд саммити барқарорлик, хавфсизлик ва узлуксиз тараққиётни таъминлаш манфаатлари йўлида кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг янги йўналишларини белгилаш имконини берди.

Айни дақиқаларда Президентимиз Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказмоқда. Унда Самарқанд саммитнинг асосий натижалари юзасидан фикр алмашиш, октябрь ойида Ашхободга бўлган ташрифда эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари, парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокамаси кўзда тутилган.

З.ЖОНИБЕКОВ, ЎзА