Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БРИФИНГ: 95 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган. Нима учун?
15:08 / 2020-08-06

Бизнес-омбудсман томонидан назорат қилувчи органларга киритилган 38 тақдимномага асосан 173 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.


Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман бош инспектори Шерзод Саидов иштирокида бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди.

Қайд этилишича, тадбиркорлар фаолиятига коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг салбий таъсирига оид мурожаатларни тезкорлик билан ҳал этиш ҳамда давлат органлари томонидан уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига қатъий риоя этилиши Бизнес-омбудсман томонидан назоратга олинган.

Ўрнатилган назорат тадбирлари натижасида, айрим давлат органлари ва ташкилотлар томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга оид фармонлар талабларига риоя этмаслик, тадбиркорлар учун белгиланган имтиёз ва преференцияларни қўллашда ҳамда уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда сансалорлик ва бюрократияга йўл қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Хусусан, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларига нисбатан солиқларнинг оширилган ставкаларини қўллашни тўхтатмаслик, фаолият юритиши мумкин бўлган тадбиркорларнинг фаолиятини ноқонуний тўхтатиш каби ҳолатлар учрамоқда.

Ўтган давр мобайнида Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида давлат органларига нисбатан 143 тақдимнома, 97 огоҳнома, 27 хулоса, 354 маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан баённома, 80 нафар тадбиркор манфаати бўйича судларга 47 миллиард сўмлик даъво аризалар киритилди.

Шунингдек, коронавирус пандемияси даврида айрим назорат органлари томонидан тадбиркорлар фаолиятида текширувларни ўтказиш тартибининг бузилиши ҳолатлари юзасидан 146 маъмурий баённома расмийлаштирилиб, бугунги кунга қадар маъмурий суд қарорларига асосан 95 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган. Қолган 51 ҳолат бўйича ҳужжатлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Бизнес-омбудсман томонидан назорат қилувчи органларга киритилган 38 тақдимномага асосан 173 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган. Шунингдек, назорат қилувчи органлар томонидан ўз ваколатидан четга чиққан ҳолда тадбиркорлик субъектларига нисбатан чоралар кўриш юзасидан қабул қилинган 155 қарор бекор қилинган.