BRICS саммити якуни бўйича декларация қабул қилинди. Ҳужжатда қатор муҳим халқаро масалалар бўйича чақириқлар – Исроилнинг Ливан жанубидаги ҳарбий амалиётини тўхтатиш, Қизил денгизда эркин навигацияни ҳурмат қилиш, Фаластин маъмуриятининг БМТга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинишини қўллаб-қувватлаш қамраб олинган.
Иштирокчилар Россия – Украина урушини тинч йўл билан ҳал қилиш масаласига ҳам тўхталиб, бу масалада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига риоя қилиш зарурлигини таъкидлаган. Яқин Шарқда ядро қуролидан холи ҳудуд яратиш, Африкадаги можароларни ҳал қилиш ва терроризмга қарши кураш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам якдил фикр билдирилган.
Тадбирда терроризмга қарши ишчи гуруҳни қўллаб-қувватлаш ва айни масалага ёндашув акс этган ҳужжат қабул қилишга келишилди. Якуний қарорда кейинги саммит 2025 йил Бразилияда ўтказилиши маълум қилинган.
Саммитда МДҲ мамлакатлари етакчилари қатори Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Давлатимиз раҳбари Қозонга ташрифи чоғида Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов билан учрашди. Мулоқот давомида мамлакатимиз ҳудудларининг Татаристон билан ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада кучайтириш, фаол мулоқот ва ўзаро ташрифларни давом эттириш, Ўзбекистон ҳудудида қўшма иқтисодий ва саноат зоналари фаолиятини кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди. Шу куни Шавкат Мирзиёев Қозон шаҳридаги BRICS саммитида иштирок этаётган делегациялар раҳбарларини қутлаш маросимида қатнашди.
Бир вақтлар беш мамлакатни ҳамфикр гуруҳга айлантирган мазкур тузилма таркиби йил сайин кенгайиб, ҳудуд, аҳоли ва ЯИМ кўрсаткичи бўйича сайёра миқёсида йирик уюшмага айланмоқда. Иқтисодий мақсадда тузилган ушбу ташкилотни баъзан бошқа нуфузли халқаро сиёсий-ҳарбий тузилмалар билан қиёслашга уриниш кузатилади. Масалан, BRICS ихтиёрида умумий қуролли кучлар мавжуд бўлмаса-да, мудофаа нуқтаи назаридан NАТО, иқтисодий жиҳатдан Европа Иттифоқи билан қарама-қарши қўйилади. Хўш, BRICS қандай ташкилот ва нима учун тузилмага жаҳон миқёсида қизиқиш ортмоқда?
BRICS дастлаб 5 давлат – Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африкани бирлаштирган, номи ҳам ушбу мамлакатларнинг инглизча аталишидан келиб чиққан: BRICS – Brazil, Russia, India, China, South Africa).
Қисқартма илк бор 2001 йил, ташкилот таъсис этилишидан беш йил олдин Американинг “Goldman Sachs” молия-инвестиция компанияси глобал иқтисодий тадқиқотлар бўлими раҳбари Жим О'Нилл томонидан қўлланган.
Уюшма ялпи ички маҳсулот миқдори энг тез ўсиб бораётган дунёнинг беш иқтисодиётини бирлаштирган.
Фаолият мақсади етакчилар қўшма баёнотида белгиланган: изчил, фаол, прагматик, очиқ ва шаффоф мулоқот, ҳамкорликни ривожлантириш.
Ҳамкорлик, биринчи навбатда, иқтисодий – энергетика, озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш, хавфсизлик – кибер таҳдидга, гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашишни назарда тутади. Қолаверса, BRICS тамойилида “раҳбарлар” ва “издошлар” тушунчаси йўқ. Қароргоҳи йўқ ва Низоми ишлаб чиқилмаган, фақат норасмий қоидалари мавжуд мазкур ассоциация бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорликка тайёр. Ҳар йили бир давлат раис этиб тайинланади, йиғилишда модераторлик қилади ва саммитни ташкил этишга бош-қош бўлади. Тузилмада Бош котиб ёки бошқа етакчилик лавозими таъсис этилмаган.
Интеграциянинг аниқ тамойилини белгилаб берадиган Саммит протоколи ва қарорлари Низом ўрнида қабул қилинади.
Тўғри, Жанубий Африка Республикаси гуруҳга бир оз кейинроқ – 2011 йил қўшилди ва шунга монанд равишда ташкилот номи ҳам бир ҳарфга кенгайди.
Ҳозир BRICS давлатларида жами тахминан 3,24 миллиард киши яшайди. Бу сайёрамиз аҳолисининг 40 фоизидан кўпроқ. 2026 йилга бориб ушбу кўрсаткич, биринчи навбатда, Хитой ва Ҳиндистон ҳисобига 625 миллионга кўпайиши кутиляпти. Халқаро фаразга кўра, 2030 йил ёки янаям олдинроқ уюшма жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 50 фоиздан зиёдини қопларкан.
Сўнгги йилларда ташкилотнинг халқаро таъсир доираси кенгайиб, гуруҳга кириш истагини билдирган давлатлар сони ортмоқда. Жорий йил январь ойидан бошлаб, таркиб Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон ва Эфиопия ҳисобига кенгайди. Саудия Арабистони ҳам шундай ниятини ошкор қилган.
Аввал тузилмага қўшилиш ташаббусини илгари суриб, кейин қарорини ўзгартирган мамлакатлар ҳам йўқ эмас – Аргентина. Президент Хавьер Милей ҳокимият тепасига келиши билан “аъзолик тўлови” учун маблағ йўқлиги баҳонасида муайян ғоядан воз кечди.
Шунга қарамай, BRICS аъзоларининг дунё иқтисодиётидаги ўрни мустаҳкамланиб, ўзаро ҳамкорлик майдони катталашмоқда. Зеро, иқтисодий нуқтаи-назардан жозибадорлиги ортиб боргани сари, ҳар қандай тузилма таркиби янги мамлакатлар ҳисобига кенгайиб боравериши табиий.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА шарҳловчиси