Сўнгги йилларда халқаро сиёсий тизимда туб ўзгаришлар кузатилмоқда. Иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланган ва узоқ вақт давомида Ғарб маркази бўлиб келган глобал тартиб энди ўз таъсир кучини йўқота бошлади. Геосиёсий рақобат кучайиши, санкция сиёсати, минтақавий можаролар ва глобал инқироз натижасида дунё янги – кўп қутбли ривожланиш босқичига қадам қўймоқда. Айни шароитда, жумладан, BRICS формати халқаро муносабатларда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
BRICS (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка) дастлаб иқтисодий ўсишга эга давлатлар мулоқот майдони сифатида шаклланган бўлса, бугун глобал бошқарув, халқаро адолат ва иқтисодий мувозанат масалаларида ҳам ўзига хос қарашга эга тузилмага айланмоқда. Шу нуқтаи назардан 2026 йил Ҳиндистонда ўтказилиши режалаштирилган BRICS саммити ушбу форматнинг келгуси йўналишларини белгилаб берувчи муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда.
BRICS ва кўп қутбли дунё ғоясининг шаклланиши
Кўп қутбли дунё концепцияси халқаро муносабатларда ягона етакчи марказ мавжуд эмаслиги, қарорлар бир неча сиёсий-иқтисодий куч ўртасидаги мувозанат асосида қабул қилинишига таянади. BRICS айнан шу ғояни илгари сураётган майдонлардан бири сифатида кўрилади. Тузилма аъзолари дунё аҳолисининг катта қисми, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг салмоқли улуши ва беҳисоб стратегик табиий ресурсларни бирлаштирган.
BRICS давлатлари томонидан тез-тез таъкидланаётган асосий жиҳат – халқаро институтлар, жумладан БМТ, ХВЖ ва Жаҳон банки фаолиятини ислоҳ қилиш заруратидир. Таъкидланишича, ҳозирги геосиёсий воқеликни тўлиқ акс эттира олмаётган мазкур тузилмалар ривожланаётган мамлакатлар манфаатини етарлича ҳисобга олмаяпти. Шу боис BRICS кўп қутбли дунёда адолатли бошқарув механизмини шакллантириш тарафдори сифатида майдонга чиқмоқда.
2026 йилги BRICS саммити: Ҳиндистон омили
2026 йил BRICS раислиги Ҳиндистон учун беқиёс сиёсий ва дипломатик имконият ҳисобланади. Мамлакат сўнгги йилларда “Global South” манфаатини фаол илгари суриб, халқаро майдонда мустақил позициясини муваффақиятли ҳимоя қилмоқда. Деҳли раҳбарлигида ўтадиган саммитда кўп томонлама дипломатия, иқтисодий ҳамкорликни диверсификация қилиш ва технологик тараққиёт масалалари устувор йўналиш сифатида белгиланиши кутиляпти.
Айниқса, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, энергетика хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш масалалари BRICS кун тартиби марказига чиқиши эҳтимоли юқори. Бу эса ташкилотни анъанавий хом ашё ва савдо масалалари билан чекланиб қолмасдан, келажак технологиялари ва глобал қоидаларни шакллантиришга даъво қилувчи платформага айлантириши мумкин.
BRICS ва глобал сиёсатдаги ўрни
Бугунги кунда BRICSни Ғарбга қарши блок сифатида талқин қилишга уриниш мавжуд. Бинобарин, тузилма расмий баёнотларида ўзини қарши қутб эмас, балки тенг ҳуқуқли ҳамкорликка асосланган муқобил модел сифатида кўрсатмоқда. Шу маънода BRICS кўп қутбли дунёда зиддиятни кучайтириш эмас, балки манфаатлар мувозанатини таъминлаш орқали барқарорликка эришишни мақсад қилади.
Кенгайиш сиёсати ва ташкилотга қўшилиш истагини билдирган давлатлар сони ортиб бораётгани ҳам ушбу форматнинг жозибадорлигини кўрсатади. Бу ҳолат BRICSни халқаро муносабатларда муҳим стратегик марказлардан бирига айлантириш салоҳияти мавжудлигидан далолат.
BRICS-2026 саммити: кутилган қарорлар, эҳтимолий сценарийлар
2026 йилги BRICS учрашуви нафақат декларатив баёнотлар, балки аниқ механизмлар ишлаб чиқиш нуқтаи назаридан ҳам ҳал қилувчи босқич бўлиши кутилмоқда. Айниқса, халқаро молиявий тизимда долларнинг устувор ўрни, санкция сиёсати ва иқтисодий босим воситалари кўпайиб бораётгани BRICS доирасида жиддий муҳокама қилинаётган масалалар ҳисобланади. Шу боис саммитда миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилиш, ўзаро савдони енгиллаштириш ва Янги тараққиёт банки – “New Development Bank” ролини кучайтириш мавзулари янада долзарб тус олади.
Бундан ташқари энергетика ва хом ашё бозоридаги ўзгаришлар ҳам BRICS кун тартибидан ўрин олиши кутиляпти. Россия, Бразилия ва Жанубий Африка табиий ресурсларга бой, Хитой ва Ҳиндистон эса йирик истеъмолчи мамлакатлар сифатида энергетика хавфсизлиги ва барқарор таъминот занжири масаласида ўзаро манфаатли ечимларга эришишга интилмоқда. Айни омиллар глобал бозорларда кучлар нисбатига билвосита таъсир кўрсатиши мумкин.
Кўп қутбли дунёда BRICSнинг стратегик аҳамияти
Кўп қутбли дунё шароитидаги аҳамияти BRICSнинг ҳарбий ёки мафкуравий блок эмаслигида намоён бўлади. Ушбу формат турли цивилизацион, сиёсий ва иқтисодий моделларга эга давлатларни бир майдонда бирлаштира олгани билан ажралиб туради. Яъни, BRICSга мураккаб глобал муаммоларни музокара ва консенсус орқали ҳал қилишга қодир тузилма, деб қараш мумкин.
Шу нуқтаи назардан тузилма кўп қутбли дунёда Ғарб ва бошқа давлатлар ўртасида муайян мувозанатловчи вазифасини бажариши мумкин. Айниқса, ривожланаётган мамлакатлар учун BRICS халқаро майдонда ўз манфаатини эркинроқ ифода этиш имкониятини яратмоқда. Натижада глобал сиёсатда янги овозлар пайдо бўлмоқда.
Танқид ва чекловлар
Табиийки, BRICS форматига нисбатан танқидий қарашлар ҳам йўқ эмас. Айрим таҳлилчилар аъзолар ўртасидаги иқтисодий салоҳият ва сиёсий манфаат турлича экани ташкилот фаолияти самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтишади. Масалан, Хитой ва Ҳиндистон рақобати, Россияга нисбатан санкция, Бразилия ва Жанубий Африкадаги ички сиёсий ўзгаришлар BRICS бир бутун позиция эгаллашини қийинлаштираётгандек.
Қолаверса, BRICS қарорлари аксар ҳолатларда маслаҳат хусусиятига эгалиги, ечимларни амалий ижрога татбиқ этиш механизми етарлича кучли эмаслиги ҳам асосий муаммолар сифатида кўрсатилади. Шу боис 2026 йилги саммитда айнан институционал мустаҳкамлик ва амалий механизмлар масаласи марказга чиқиши мумкин.
Умуман, мазкур учрашув кўп қутбли дунё шаклланаётган бир пайтда глобал сиёсий жараённинг муҳим нуқтаси тарзида намоён бўлади. BRICS келажакда қандай йўл тутади? Ҳақиқатан глобал тартибни қайта шакллантирувчи кучга айлана оладими ёки мулоқот майдони сифатида қоладими? Анжуман айни саволларга жавоб олиш имконини яратади.
Мусулмон Зиё,
ЎзА шарҳловчиси