Аввал хабар берилганидек, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан “Янги банк” АЖ омонатчиларига кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловлари амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ўтказилган брифингда банк Ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Орипов ушбу жараёнларнинг бориши ва натижалари ҳақида ахборот берди.
Қайд этилдики, 2026 йил 25 февраль соат 10.00 ҳолатига 5 минг 480 нафар жисмоний шахсга 202 миллиард сўм омонат маблағлари тўлаб берилди. Бундан ташқари, 56 та юридик шахсга 2 миллиард 739 миллион сўм, 13 нафар якка тартибдаги тадбиркорга 209 миллион сўмдан ортиқ компенсация маблағлари тўлаб берилди.
Брифингда ўтган қарийб бир ой давомида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан умумий ҳисобда 5 минг 549 нафар омонатчига 204 миллиард 873 миллион сўмдан зиёд маблағ тўлангани маълум қилинди.
Бу кафолатланган омонатлар бўйича жами тўлаб берилиши лозим бўлган компенсация маблағларининг 98 фоизини ташкил этади.
Жисмоний шахслар компенсация тўловларини “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг “БРБ мобил иловаси” орқали онлайн тарзда банк карталарига ўтказиши ёки банкнинг жамғарма омонатига жойлаштиришлари мумкин.
Шунингдек, компенсация маблағларини банкнинг ҳудудлардаги исталган банк хизматлари марказларидан нақд пул шаклида олишлари мумкин.
Якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларга компенсация тўловлари “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБнинг ҳудудлардаги банк хизматлари марказларига ташриф буюриш орқали мазкур банкнинг ўзида ҳисоб рақам очиш ёки бошқа банкдаги ҳисоб рақамига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Таъкидлаш лозимки, компенсация тўловларини олиш учун омонатчилардан ҳеч қандай қўшимча тўлов талаб этилмайди.
Банк ахборот хизмати