Бразилия Олимпия қўмитасини 20 йилдан кўп вақт давомида бошқарган Карлос Артур Нузман Олимпия ўйинларига мезбонлик қилиш учун Рио-де-Жанейрога овоз сотиб олишда айбланиб, 30 йил-у 11 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Рио-2016 ташкилий қўмитасини бошқарган Нузман коррупция, жиноий ташкилотчилик, пул ювиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбдор, деб топилди. Бинобарин, 79 ёшли собиқ раҳбар ўзининг барча апелляциялари кўриб чиқилмагунча қамалмайди.
Айбланувчининг адвокати ҳозирча бу қарорга изоҳ бергани йўқ.
Суд ҳайьати, шунингдек, Рионинг собиқ губернатори Серхио Кабрал, бизнесмен Артур Соарес ва Рио-2016 қўмитаси операциялар бўйича бош директори бўлган Леонардо Гринерга нисбатан ҳам ҳукм ўқиди. Терговчилар хулосасига кўра, шу учала мулозим ва Нузман Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси собиқ президенти Ламин Диак ва унинг ўғли Папа Диакка овоз бериш учун пора узатишни мувофиқлаштирган.
Бир қатор айбловлар билан 2016 йилдан бери қамоқда ўтирган ва тергов қилинаётган Кабрал икки йил аввал Бретасга Халқаро Олимпия қўмитаси йиғилишида 6 тагача овоз йиғиш эвазига 2 миллион доллар тўлаганини айтган эди.
2003 йилдан 2010 йилгача Рио штатини бошқарган Кабрал ХОҚ аъзоларидан яна уч нафари овозини таъминлаш мақсадида Диакнинг ўғлига кейинроқ яна 500 минг доллар қистирганини қўшимча қилди.
Судья қарорида Нузман "Бразилия Олимпия қўмитаси ва халқаро ҳокимиятлар олдидаги мавқеини ҳисобга олган ҳолда жиноий гуруҳни тарғиб қилиш ва ташкил этиш учун асосий масъуллардан бири" деб белгиланган. Судья, шунингдек, спорт амалдори ХОҚни ноқонуний равишда қўллаб-қувватлаш учун "бошқа агентлар ҳаракатини раҳбар сифатида бошқарган ва мувофиқлаштирган" деди.
Тергов натижалари Папа Диак ва Ламин Диак яшайдиган Сенегал ва Франция давлатлари расмийларига ҳам юборилади.
Эслатиб ўтамиз, Рио 2016 йилги Олимпиадага мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун Чикаго, Токио ва Мадрид шаҳарларини мағлуб этган.
(Ўткир Алимов)