Бразилиянинг Рео-де-Жанейро штати Петрополис шаҳрида ёққан кучли жала 104 кишининг ўлимига сабаб бўлди, деб хабар бермоқда G1 портали. Хабарда таъкидланишича, ҳалок бўлганларнинг 8 нафари болалар.
Чоршанба куни 94 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилинган эди, кечга бориб қурбонлар сони 104 кишига етгани айтилмоқда. 50 дан ортиқ уйларни сув ювиб кетган.Шунингдек, хабарда 24 киши фуқаро мудофааси хизмати томонидан қутқариб олингани, 35 киши бедарак кетгани таъкидланган.
“Сешанба куни ёққан кучли жала сув тошқини ва ер кўчишларини келтириб чиқарди. Қарийб олти соат ичида бир квадрат метрга 260 литр ёмғир қуйган. Бу Бразилиянинг ушбу минтақасида одатдаги ёғингарчиликлардан анчайин кўпдир”, дейилади хабарда.
Рио-де-Жанейро штати губернатори Клаудиу Каштру юзага келган вазиятга “уруш ҳолатига яқин” деб таъриф берди. Чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида губернатор минтақага ёпирилган ёғингарчиликни 1932 йилдан буён энг кучлиси, деб атади.