Бразилияда аномал ёғингарчиликлар ва ер ўпирилишлари оқибатида 19 киши қурбон бўлган
Бразилиянинг соҳил ҳудудида жойлашган Сан-Паулу штатида узоқ чўзилган ёғингарчиликлар туфайли юзага келган сув тошқинлари вайронагарчиликларга, ер ўпирилишлари ҳамда одамларнинг қурбон бўлишига сабаб бўлди. Табиий офат туфайли ҳозиргача 19 киши ҳалок бўлган, 338 киши бошпанасиз қолган, деб хабар тарқатди G1 портали маҳаллий қутқарув хизматига таяниб.
Матбуотнинг ёзишича, бир қанча шаҳарларда кўплаб уйлар вайрон бўлган. Сув тошқинлари ёки тупроқ нурашлари оқибатида 228 киши кўчирилган. Хабарда таъкидланишича, 338 киши уй-жойидан маҳрум бўлган. Мураккаб шароит туфайли қутқарувчилар вертолётларда фожиа юз берган ҳудудларга ўз вақтида бора олмаган.
Сан-Паулу губернатори Тарсисио де Фрейтас фуқаро мудофааси хизмати раҳбарлари билан биргаликда Сан-Кристобалда бўлиб тургани маълум қилинди. Бу ерда бир суткада 600 миллиметр ёғингарчилик бўлган, 50 дан ортиқ уйларни сув ювиб кетган. Айни пайтда табиий офат оқибатларини бартараф қилиш учун Бразилия армияси сафарбар этилгани айтилмоқда.