Бразилия сиёсати яна ларзага келди: мамлакатнинг собиқ Президенти Жаир Болсонаро давлат тўнтаришига уринишда айбдор, деб топилиб, 27 йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд хулосасига кўра, Болсонаро 2023 йил январь ойида ўз тарафдорларини рағбатлантириб, ҳукумат биноларига бостириб киришни режалаштирган. Натижада сиёсий тизимга жиддий зарар етказилган. Текширув давомида у нафақат фитна режасидан хабардорлиги, балки айрим амалдорлар орқали тўполонни бошқаришга уриниб, ҳокимиятни ноқонуний эгаллаш ниятида бўлганини ҳам кўрсатди.
Ҳукм эълон қилингач, “эски етакчи” қўлга олиниб, Федерал полиция назорати остига ўтказилди. Ҳимоячилар мазкур қарорни “сиёсий таъқиб” дея атаб, мижозни оқлаш учун юқори идораларга мурожаат қилишларини билдирди. Прокуратура эса қўшимча далиллар тақдим этиб, собиқ Президентнинг фитна жараёнидаги фаол иштирокини асослаб берди. Суднинг қатъий позицияси Бразилияда демократия ҳимояси йўлидаги муҳим сиёсий қадам сифатида баҳоланмоқда.
Айни пайт мамлакатда турли фикрлар пайдо бўлган: айримлар воқеани тарихий адолат ҳисобласа, кимлардир сиёсий майдонни тозалашга қаратилган жараён, дея тахмин этяпти. Фақат бир нарса аниқ — Болсонарога нисбатан ҳукм Бразилия сиёсатида янги босқични бошлаб, конституцион тартиб бузилишига қарши кескин чора кўрила бошлаганидан далолат.
Мусулмон Зиё, ЎзА