French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси ва тавсифи тасдиқланди
17:25 / 2021-09-30

Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни комиссия раиси З.Низомхўжаев олиб борди.

Комиссия аъзолари дастлаб Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги масалани кўриб чиқишди.

Марказий сайлов комиссияси сайловларга тайёргарлик жараёнида ногиронлиги бўлган фуқароларнинг алоҳида эҳтиёжларига ҳамиша жиддий эътибор қаратиб келади. Сайлов кодексининг 31-моддасида Сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкинлиги белгиланган.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси ва тавсифи тасдиқланди. Қарорга кўра, ҳар бир сайлов участкаси кўзи ожиз сайловчиларнинг сайлов бюллетенини тўлдиришда фойдаланишлари учун икки донадан трафаретлар билан таъминланади. Сайлов участкаларида жисмоний имконияти чекланган шахслар учун махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари жойлаштирилади. Заруратга кўра, сайлов участкаларида кўзи ожиз сайловчилар учун оптик лупалар, ёриткичлар ўрнатилиши мумкин.

Ногиронлиги бўлган сайловчилар гавжум яшайдиган ҳудудларда, эҳтиёж бўлса, уларнинг сайлов участкаларига келиб-кетишлари учун бепул транспорт билан таъминлаш чораларини кўриш, сайлов участкаси жойлашган биноларнинг кириб-чиқиш жойларига эни камида 90 см ва чиқиш бурчаги 300 дан кўп бўлмаган нишаб йўлакчалар ўрнатиш ишларини якунлаш, биноларга ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг келиб-кетиши ва бино ичида эркин ҳаракатланиши учун қўшимча шароитлар яратиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш бўйича йўриқнома талабларининг ижроси бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг ахбороти тингланди.

Қайд этилганидек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан "COVID-19" пандемияси шароитида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда мамлакат аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва соғлиғини муҳофаза қилишни самарали таъминлаш бўйича энг муҳим, кечиктириб бўлмас чоралар кўрилади.

Сайлов округлари ҳудудида эпидемиологик вазиятнинг кунлик таҳлили олиб борилади ва заруратга кўра, сайлов комиссияларига тегишли тавсиялар берилади. Сайловни ўтказиш даврида округ ва участка сайлов комиссиялари жойлашган бино ва хоналар ўз вақтида дезинфекция қилинади, шунингдек, уларда эпидемияга қарши чора-тадбирлар ўтказилади.

[gallery-4113]

Комиссия аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 47 нафар хорижий (халқаро) кузатувчини аккредитациядан ўтказиш бўйича МСКга тақдимномалар киритилди. Унга мувофиқ мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ ЕХҲТ ДИИҲБ (1), Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (18), Ислом ҳамкорлик ташкилоти (4), Америка Қўшма Штатлари (1), Германия (1), Корея Республикаси (1), Малайзия (5), Миср (1), Озарбайжон Республикаси (4), Россия Федерацияси (4), Украина (5), Япония (1), Қозоғистон Республикаси (1) давлатларидан 47 нафар хорижий кузатувчи рўйхатдан ўтказилди.

Шундай қилиб, шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар умумий сони 159 нафарни ташкил этмоқда. Марказий сайлов комиссияси халқаро кузатувчиларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятларини амалга ошириши учун мандатларни қонунда белгиланган муддатда тақдим этмоқда.

Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди.

Қайд этилганидек, ўтган вақт давомида Марказий сайлов комиссиясига яна 45 та ОАВ томонидан мурожаат келиб тушган. Мажлисда 45 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг жами 172 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари жами 1 минг 253 нафар, хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари эса 48 нафарни ташкил этмоқда.

Мажлис кун тартибига киритилган навбатдаги масала Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16, 21 ва 25-моддалари ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг тавсиясига асосан Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 августдаги тегишли қарори билан тасдиқланган 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси таркибига ўзгартиришлар киритилди.

Мажлис давомида Самарқанд, Фарғона ва Хоразм сайлов округлари раисларининг сайловга тайёргарлик кўриш бўйича ҳисоботлари тингланди.

Нурилло Насриев, ЎзА