Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Браконерлар қўлга тушди
18:53 / 2025-11-03

Сирдарё туманида электр қармоқ ёрдамида ноқонуний балиқ овлаган фуқаролар яна қўлга тушди. Улар 7 турдаги жами 38 дона балиқни қонунга хилоф равишда овлагани аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Давлат экологик назорати инспекцияси хабар берди.

Рейд тадбири Экология вазирлиги инспекторлари, Сирдарё сув ҳавзаси назорати бўлими, Миллий гвардия, Ички ишлар бошқармаси ҳамда Тошкент вилояти Чиноз тумани ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилди.

Текширув жараёнида ҳуқуқбузарлар “УАЗ-2106” русумли автомашинада овланган балиқларни “Шўразак” зовуридан олиб чиқиб кетишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди. Ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, 38 дона балиқ, электр қармоқ, аккумулятор, резина қайиқ, эшкаклар ва сеткали тутқич ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Автомашина эса жарима майдонига жойлаштирилди.

Текширув натижасида “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида” ҳамда “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунлар талаблари бузилгани маълум бўлди. Табиатга етказилган зарар миқдори 521 миллион 180 минг сўм деб баҳоланган. Ҳолат бўйича ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, бу “Шўразак” зовури ҳудудида қайд этилган илк ҳолат эмас. Илгари Гулистон тумани “Бахмал” маҳалласида истиқомат қилувчи А.Т. ва М.Д. ҳам шу жойда электр қуролидан фойдаланиб, 37 дона балиқни ноқонуний овлаганлиги учун қўлга олинган эди. Улар томонидан табиатга етказилган зарар 352 миллион 672 минг сўмни ташкил этган.

Экологлар таъкидлашича, электр қуроллари ёрдамида балиқ овлаш сув тизимининг табиий муҳитини издан чиқаради, биологик хилма-хилликка ва балиқ зотларининг кўпайишига катта зарар етказади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири