Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Браконьерлар ҳайвонот дунёсига 367 миллион сўм зарар етказди
13:12 / 2021-05-11

Қашқадарё вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Китоб туман назорат инспекцияси ва Шаҳрисабз туман назорат инспекцияси инспекторлари томонидан Шаҳрисабз туман Ҳисор МФЙ ҳудудида навбатдаги назорат рейд тадбири ўтказилди.

Назорат тадбири давомида Шаҳрисабз давлат ўрмон хўжалигининг Хўжагардон дарасида балиқ овлаш тақиқланган вақтда уч – 1-ҳолатда 36 дона, 2-ҳолатда 6 дона, 3-ҳолатда 8 дона жами 50 дона Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган Амударё гулбалиғи (Амударинская Форель) балиқлари ноқонуний овланганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат бўйича фуқаролардан бир дона махсус леска тўри ва 50 дона Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган Амударё гулбалиғи ашёвий далил сифатида, қонуний тўхтамга келгунга қадар олиб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган Амударё гулбалиғи (Амударинская Форель) балиқлари ноқонуний овланганлиги натижасида табиатга, ҳайвонот дунёсига 367 миллион 500 минг сўм етказилган зарар ҳисобланиб тегишли тартибда кўриб чиқиш учун прокуратура органларига тўпланган ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Маълумот ўрнида Амударё гулбалиғи Амударёнинг юқори қисми Сурхондарё, Цангардак ва Тўпаланг дарёлари ҳавзаларида учрайди. Танҳоздарёга келтирилган, Қорадарё ва Норинда иқлимлаштирилган. Асосан тез оқадиган, суви совуқ ва туби тош-шағалли тоғ дарёларида яшайди. Сони илгари кўп бўлган, лекин дарёлар оқимининг сунъий тартибланиши натижасида табиий сув режимининг ўзгариши ва унинг ифлосланиши, рекреацион фаолият, браконьерлик ҳаракатлари оқибатида кейинги ўн йилликлар давомида кескин камайиб кетган. Шу боис, ушбу балиқ тури йўқолиб кетишининг олдини олиш мақсадида муҳофаза қилиш чораси кўрилган ва Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган.

 

Ў.Баротов, ЎзА