Браконьер инспекторни отиб қўйди
Бухоро вилоятида инспектор хизмат вақтида яраланди. Бу ҳақида Табиат ресурслари вазирлиги Бухоро вилояти бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида рейд тадбири олиб бораётган туман Экология бўлими бошлиғи, инспектор Мирали Ҳожиев хизмат вақтида яраланган. Аниқланишича, инспектор Қоровулбозор ҳудудида ноқонуний ов қилинаётганидан хабар топган. Ҳолатга чек қўйиш мақсадида воқеа жойига борганида эса браконьер томонидан ўқ узилиши натижасида қўлидан яраланган. Браконьер воқеа жойидан яширинган.
Инспекторга тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Айни дамда унинг аҳволи яхши. Браконьерларни қўлга олиш чоралари кўрилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА