Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов Сергели туманидаги истеъмолда бўлган автомобиль ва эҳтиёт қисмлари бозори ҳамда деҳқон бозорини кўздан кечирди.
Таъкидлаш жоизки, бозорлар фуқаролар билан энг гавжум объектлар бўлгани сабабли, ҳудудда турли қонунбузарликлар содир этилиши ва яширин иқтисодиёт сақланиб қолиш хавфи юқоридир.


Масалан, Сергели автомобиль бозори кунига 3240 та енгил ва юк автотранспорт воситаларини қабул қилади. Бозор ҳудудида 900 га яқин савдо дўконлари ва контейнерлар фаолият юритади. Бозорга кунига минглаб фуқаролар кириб чиқади, автомобиллар олди-сотдиси ҳудудидан пуллик тарзда фойдаланади. Шу билан бирга, дўконларни ижарага бериш ва бошқа пуллик хизматлар ҳам амалга оширилади.
Қисқа муддатли таҳлиллар шуни кўрсатадики, бозор фаолиятини рақамлаштириш, сунъий интеллект элементларини қўллаш ва тушумларни бир неча баробарга ошириш орқали ҳудудда содир бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни камайтириш мумкин.


Шу мақсадда бозор ҳудудида ички ишлар, солиқ, божхона, МИБ ва бошқа давлат идоралари вакилларини жамлаган Ситуацион марказ ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди ва унинг дастлабки лойиҳаси тақдим этилди.
Лойиҳага кўра, бозор ҳудудига кириб чиқадиган ҳар бир фуқаро ва автомобиль бўйича назоратни автоматлаштириш, давлат рақамсиз кириб келаётган автомобиллар учун алоҳида йўлак ташкил этиш, бозор ҳудудида видеокузатув тизимларини такомиллаштириш, ёнғин хавфсизлиги тугмаларини ташкил қилиш, импорт қилинаётган автомобиль эҳтиёт қисмлари бўйича ҚҚС занжирини такомиллаштириш кўзда тутилган.


Ш.Маматуропова, ЎзА