“Миробод” деҳқон бозорида нархлар бошқа савдо нуқталарига нисбатан 10-15 фоиз арзон
Пойтахтимиздаги “Миробод” деҳқон бозори. Бозор эшиги олдида икки аёлнинг суҳбати бехос қулоғимизга чалинди.
Долзарб мавзу
Пойтахтимиздаги “Миробод” деҳқон бозори. Бозор эшиги олдида икки аёлнинг суҳбати бехос қулоғимизга чалинди.
– Кеча ижтимоий тармоқларда коронавирус Ўзбекистонга тарқагани боис, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошади, деган хабарни эшитдим. Эрталабдан озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш мақсадида бозорга ошиқдим.
– Мен ҳам қўшниларнинг қоп-қоп картошка олиб келаётганини кўрдим. Уларнинг “картошга нархи ошармиш”, деган гапини эшитиб, эрталабдан ҳовлиққанча бозорга келибман.
– Кечирасизлар. Бехосдан суҳбатларингизни эшитиб қолдик. Бозорда ҳақиқатдан ҳам картошка, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархи олдингига нисбатан ошганми? – дея улардан сўрадик.


– Бу халқни саросимага соладиган шунчаки миш-миш экан, – дейди Миробод туманида истиқомат қилувчи фуқаро Вилоят Ҳусанова. – Аксинча, Наврўз байрами муносабати билан халқимиз учун арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилибди. Ярмаркада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, гўшт, тухум ва бошқа маҳсулотларнинг нархи арзон ва асосийси, сифатли. Тухумнинг донасини 550-600, картошканинг килосини 2 минг 700, унни 3 минг 500 сўмдан олдим.
“Миробод” деҳқон бозоридаги ярмаркада йигирмадан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархларда сотилмоқда. Савдога қўйилган маҳсулотлар нархи бошқа савдо нуқталарига нисбатан 10-15 фоиз арзон ва сифатли.


Харидорлар барча савдо тармоқлари назорат-касса машиналари ва савдо терминаллари билан жиҳозланганидан мамнун.
– Ҳамюртларимизнинг байрамни кўтаринки руҳда ўтказишини таъминлаш, нархлар сунъий оширилишининг олдини олиш мақсадида бозорда назорат ўрнатилган, – дейди “Миробод” деҳқон бозори АЖ директори Акром Тўйчиев. – Хусусан, кеча турли миш-мишларга ишониб, саросимага тушган аҳолини баттар ваҳимага солиб, айрим “тадбиркорлар”имиз томонидан картошканинг нархи сунъий оширилиши кузатилди. Бир соат ичида 2 минг 700 сўмлик картошка 4-5 мингга чиқиб кетди. Бозоримиз омборида картошка ортиғи билан ғамланган. Шу боисдан бозорнинг учта бурчагига қопи билан картошка олиб чиқиб, 2 минг 700 сўмдан сотилади, деб ёзиб қўйилди. Шу тарзда айрим "тадбиркор"ларга сабоқ бериб қўйдик.


Бозорга киритилаётган барча турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини лаборатория ходимлари текширувдан ўтказиб, сотишга рухсат бермоқда. Аҳолини хавфсиз ва кафолатли, арзон маҳсулот билан таъминлаш мақсадида ўтказилаётган бундай ярмаркалар гавжум бўлмоқда. Харидорлар нисбатан қулай жойдаги ярмарка расталарида терминал ва нақд пулда савдо қилаётир. Сотувчилар гигиена қоидаларига риоя этган холда юзларига ниқоб ва қўлларига қўлқоп тақиб, халққа хизмат қилаётир.
– “Миробод” деҳқон бозори яқинида яшайман, – дейди фуқаро Иброҳим Ҳуррамов. – Бу бозор одатда бошқа бозорларга нисбатан бироз қиммат. Аммо ярмарка доим арзон бўлади. Масалан, гўшт 39 минг сўм. Қассобдан мана шундай гўштни 50 минг сўмдан олар эдим. Кўриниши ва сифати бир хил. Писта ёғи ярмаркада 9 минг 600 сўм, тадбиркорда 12 минг 500 сўм. Аҳолига шундай қулайликлар яратиб бераётгани учун давлатимиздан миннатдормиз.


Ўзаро меҳр-оқибат айёми бўлган Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ташкил этилган савдо ярмаркалари юртимизда инсон омилига бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. Айни пайтда бу аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, халқимизнинг байрам дастурхони тўкин бўлишини таъминлашга хизмат қилаётир.
Коронавирус халқимиз бошига тушган бир синов ва бу ҳолат албатта ўтиб кетади. Бундан фойдаланиб, ижтимоий тармоқлар орқали одамларни ваҳимага солиш ўрнига бирдам бўлайлик. Зеро, кўпни кўрган халқимиз тилакка яраша, насиба бўлади, дейди.