Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бозорлардаги маҳсулотлар сифати қатъий назоратда
17:38 / 2025-12-23

Саноқли кунлардан сўнг мамлакатимизда янги — 2026 йил кириб келади. Янги йил байрами арафасида эса аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби анъанавий равишда ортиб боради.

Ана шундай пайтда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, истеъмолчиларни сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлаш масаласи янада долзарб аҳамият касб этади.

Шу мақсадда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан республика бўйлаб, жумладан, Сирдарё вилоятида ҳам бозорлар ва савдо шохобчаларида кенг кўламли назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Хусусан, қўмитага қарашли Ховос туман бўлими мутахассислари томонидан Ховос деҳқон бозори ҳамда қатор савдо нуқталарда санитария-эпидемиологик ўрганиш ишлари амалга оширилди.

Назорат жараёнида сотувга қўйилган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, сақлаш шароити, шунингдек, санитария-гигиеник талабларга мувофиқлигига алоҳида эътибор қаратилди. Ўрганишлар давомида сотувчилар билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилиб, келиб чиқиши номаълум, сифати кафолатланмаган ҳамда санитария талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларни савдога чиқармаслик бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

– Байрам арафасида назорат тадбирларини кучайтириш аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Ховос туман бўлими бошлиғи Ғойибназар Райимназаров. – Айни пайтда бозорларда маҳсулот айланмаси кескин ортиб бормоқда. Шу боис озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, сақлаш шароити ва санитария-гигиеник талабларга риоя этилиши қатъий назоратга олинган. Сифати кафолатланмаган маҳсулотлар инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин.

Маълум қилинишича, ўрганишлар давомида совуқ уриб истеъмолга яроқсиз ҳолга келган, шунингдек, сифати бузилган айрим маҳсулотлар савдодан олиб ташланган. Бу эса назорат тадбирларининг тизимли ва самарали ташкил этилганидан далолат беради.

Мутахассислар таъкидлашича, маҳсулот сифати нафақат аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, балки бозорда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва истеъмолчилар ишончини мустаҳкамлашда ҳам муҳим омил ҳисобланади. Шу муносабат билан сотувчиларга иш жойларида санитария-гигиеник талабларга қатъий риоя қилиш, маҳсулотларни белгиланган меъёрлар асосида сақлаш ва реализация қилиш бўйича қўшимча тавсиялар берилди.

Шунингдек, аҳоли Янги йил байрами арафасида маҳсулот харид қилишда унинг нархига эмас, аввало сифати ва хавфсизлигига эътибор қаратишга чақирилмоқда. Зеро, ҳар бир харид инсон саломатлиги учун масъулият экани алоҳида қайд этилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири