Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондириш, бозорларда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.
Зеро, озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолига мақбул нархларда сотилиши халқимиз розилигининг асосий омилларидандир.
Бироқ айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи сунъий равишда ошириб юборилаётгани ижтимоий тармоқларда муҳокама ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётгани ҳам сир эмас. Хусусан, 1 литр писта ёғи бундан бир ой илгари 15 мингдан 16 минг сўмгача сотилган бўлса, бугунги кунда 22 мингдан 25 минг сўмгача ошириб юборилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабар беришича, бугунги кунда ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш, аҳолига узлуксиз ва етарли ҳажмда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш мақсадида бозорларнинг кириш ва аҳоли гавжум бўлган жойларида арзонлаштирилган махсус раста ва савдо нуқтаси ташкил этилган. Бу ерда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари бошқа дўкон ва супермаркетларга нисбатан 10-18 фоизгача арзон сотилмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари билан танишиш мақсадида “Эски Жува” деҳқон бозорига бордик. Бозорнинг кириш қисмида арзонлаштирилган расталар ўрин олган. Унда 1 литр писта ёғи 16 минг 500 сўмдан 19 минг 500 сўмгача сотиляпти. Гўшт 55 минг, тухум 900 сўмдан 1 минг 200 сўмгача, картошка 3 мингдан 3 ярим минггача, пиёз 1минг 500 сўм.
Бозорлардаги нарх-наво тўғрисидаги фикрларини билиш мақсадида харидорларни суҳбатга тортдик.
<iframe width="1186" height="664" src="https://www.youtube.com/embed/M1HcSm2RyWg" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
–Бу ердан 1 литр ёғни 16 минг 500 сўмга олдим. Уйимиз ёнидаги дўконларда мана шу ёғ 22- 23 мингдан сотиляпти. Отанг бозор, онанг бозор, деб шунга айтсалар керак-да. Бозорда нарх-наво анча арзон экан,–харидорлардан бири.
–Ношукрлик – ёмон иллат, – дейди тошкентлик отахон. – Қаранг, бозорларимизда ҳамма нарса бор: тўкин-сочинлик. Шукр қилиб яшаш керак. Биз не замонларни кўрмадик, бир бурда нон учун жон берганлар бўлган. Ҳозир омон-омон замон-ку, еганимиз олдимизда, емаганимиз ортимизда.
Бозорда бир тадбиркор Рамазон ойи туфайли аҳолига бир кило гўштни 50 минг сўмдан сотаётганига гувоҳ бўлдик.
– Бозор маъмурияти бизни солиқ ва бошқа тўловлардан озод қилди. Айни шу омил ҳам маҳсулотимизнинг нисбатан арзон сотилишига сабаб бўлмоқда, – дейди якка тадбиркор Нодир Умаров.
–Туман сектори раҳбари билан биргаликда бозордаги нарх-навони ўрганиб чиқдик, – дейди “Эски Жува” деҳқон бозори МЧЖ раиси Шуҳрат Файзуллаев. – Ўрганишларимиз бугунги кунда ўсимлик ёғига нисбатан талаб юқори эканини кўрсатди. Шу боис, биринчи навбатда, арзонлаштирилган ёғ сотадиган 2 та раста ташкил этдик. Уларда пахта ёғи 14 мингдан, ўсимлик ёғи эса 17 минг 500 сўмдан 19 минг 500 сўмгача сотиляпти. Гўшт сақлаш учун 10 та музлаткич ажратганмиз. Фермер хўжаликлари уларда бозорга сотиш учун олиб келган гўшт маҳсулотларини сақлашади. Улардан ижара, чипта, электр пули олмаяпмиз. Шу боис, улар сотаётган гўшт нархи нисбатан арзон. Картошка, полиз маҳсулотлари етиштирадиган фермерлар билан ҳам шартнома имзолаганмиз. Улар ўз маҳсулотларини даладан тўғри бозорга олиб келишади. Улардан ҳам ижара ёки бошқа харажатлар учун пул олинмайди. Шу боис, уларнинг маҳсулотлари бозордагидан камида 10-15 фоизга арзон сотиляпти.
Айни пайтда бозорда нархларни сунъий оширишнинг олдини олиш, бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан назорат қилинмоқда.
–Бозор маъмурияти ўз маҳсулотини “воситачиларсиз” сотиш истагини билдирган деҳқон ва фермер хўжаликларига бир қанча имтиёз тақдим этди, – дейди Департамент ходими Муҳаммад Ражабов. – Бозорларда арзонлаштирилган ярмаркалар ташкил этиш орқали рақобат муҳити шакллантирилиб, нархни мўътадил ушлаб туришга эришилмоқда. Бунинг натижасида бозордаги нарх-навонинг кескин ва сунъий ошиб кетишига йўл қўйилмаяпти. Бунинг учун бозор маъмурияти билан биргаликда барча чора-тадбирларни кўраяпмиз.
Дарвоқе, эслатиб ўтамиз, сиз агар озиқ-овқат маҳсулотларини нисбатан арзон нархда сотиб олишни истасангиз, бозорлардаги арзонлаштирилган ярмаркаларга боринг.
Шаҳноза Маматуропова, Нишонбой Абдувоитов(видео), ЎзА