Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бозорларда нархлар барқарорлиги – эътиборда
16:50 / 2025-08-05

Юртнинг тинч ва тўкинчилигини билишни истасанг унинг бозорига бор, деган сўз бекорга айтилмаган. Ҳозирда дастурхоннинг тўкис бўлиши, бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ва озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўймасликка давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

Айни шу мақсадда Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги Ишчи гуруҳи Давлатобод туманидаги “Яшил” деҳқон бозори, Наманган шаҳридаги “Сардоба” савдо мажмуаси ва “Чорсу” деҳқон бозори фаолияти билан яқиндан танишди. 

Ўрганишлар давомида деҳқон бозорларининг фаолияти, хусусан, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, бугунги кунда “Яшил” деҳқон бозорида арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси фаолият юритмоқда. Бозорда жамоат хавфсизлиги, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва нарх-навоси, яратилган шарт-шароитлар, санитария ҳолати ва хизмат кўрсатиш маданияти доимий назорат қилиб борилмоқда. 

Бозорда қайта ишлаш корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликка ихтисослашган хўжаликлар самарали фаолият юритмоқда. Улар томонидан турли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари аҳолига таклиф этиляпти. Харидорларда, айниқса, хориждан келтирилган гўшт маҳсулотлари кўпроқ қизиқиш уйғотмоқда. Боиси, музлатилган ҳолда четдан келтирилган бўлса-да, мазаси, сифати ўзимизнинг маҳсулотлардан қолишмайди, нархи эса деярли икки баробар арзон. 

Вилоят раҳбари гўшт растасидаги маҳсулотлар сақланиши, сифати, нархи, харидорлар талабини ўрганди. Бу борада халқимиз манфаатини кўзлаган ҳолда иш тутиш, аҳолини бугунидан рози бўлиб яшаши учун, аввало, нарх-навони барқарор ушлаб туриш лозимлигини таъкидлади. 

“Сардоба” ва “Чорсу” бозорлари вилоят марказида жойлашгани учун ҳам харидорлар билан гавжум. Уларда озиқ-овқат нархларининг асоссиз оширилиши бошқа бозорларга ҳам таъсир кўрсатади. Шундан келиб чиққан ҳолда, вилоят раҳбари арзонлаштирилган маҳсулотлар савдо расталарини кўпайтириш, айниқса, гўшт маҳсулотлари нархини тушириш борасидаги ишларни таҳлил қилди. 

Хусусан, “Чорсу” деҳқон бозорида дастлабки босқичда рақамлаштирилган савдо растасидан тушумлар миқдори кескин ошгани, шунинг баробарида нарх-наво бир меъёрда сақланиб қолаётгани кузатилмоқда. Қайд этилганидек, бозорларни рақамлаштириш кенг жорий этилса, тушум ошади, тартиб ва нарх-наво барқарор бўлади. Шу нуқтаи назардан, вилоят ҳокими бозорларда рақамлаштириш жараёнларини тезроқ якунлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. 

Аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини қондириш, маҳсулот етишмовчилигига йўл қўймаслик ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида бундай назорат тадбирлари келгусида ҳам давом эттирилади. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.