Қишнинг зийнати, кўрки-таровати қор билан – дастурхонимиз зийнати нозу-неъматлар билан файзли-барокатли бўлмоқда. Бугун бозорларимизни айланар экансиз мева-сабзавотлар, полиз, цитрус, балиқ, гўшт-сут маҳсулотлари - бир сўз билан айтганда тўкинликни кўриб, қишнинг қировли кунларида уларни етиштирган ва бозорларимизгача етказиб берганларга тасанно айтамиз, деҳқонларимиз меҳнатидан миннатдор бўламиз. Хўш уларнинг нархларичи? Нархлар аҳолининг турмуш даражасига тўғри келяптими? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида “Наврўз деҳқон бозори” сари йўл оламиз.
Айтиш керакки, бугун бозорнинг файзу-таровати ўзгача. Ҳудудга кираверишдаёқ байрам рухи сезилиб туради. Ўзига хос безатилган расталар, ўйинчоққа лиммо-лим баланд арча, одамлардаги кўтаринки кайфият.
Расталардаги маҳсулотлар таннархи билан қизиқдик. Пиёз 2500 сўм, картошка, сабзи 4-5 минг сўм атрофида, ун-гуруч маҳсулотлари ҳам имтиёзли нархларда сотилмоқда. Айниқса гўшт маҳсулотлари эътиборимизни тортди. Маҳаллий мол гўшти 85 минг сўмдан, хорижники 65 минг, қўй гўшти 75 минг сўмдан. Барчаси байрам кайфиятини кўтариш учун арзонлаштирилган.
Бозорда яна бир янгилик жорий қилинибди. Бу ердаги барча расталар рақамлаштирилгани сотувчилар учун қулайлик бўлибди. Масалан, деҳқон бозорга келганидан сўнг маҳсулотини сотиш учун бўш жой танлайди ва электрон тўлов қилиб, савдо қилади. Бу борада тўлиқ шаффофлик таъминланибди.
Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан яширин иқтисодиётга қарши курашиш, тадбиркорлар фаолиятида рақобат шароитини яратиш, солиқ қонунчилиги талабларига риоя қилишларини таъминлаш мақсадида бозордаги 700 дан ортиқ савдо растаси рақамлаштирилган. Бу эса нақд пул массасининг назорат қилинишига, хуфия иқтисодиётнинг бартараф этилишига олиб келади, албатта.
Хусусан, Тошкент шаҳридаги 12 та деҳқон бозори ва 1 та қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори рақамлаштирилди. Натижада, фуқаро ҳаттоки, уйидан чиқмасдан электрон платформа орқали исталган озиқ-овқат маҳсулотини харид қилиш имкониятига эга бўлди.
Бозордаги ҳар бир тушум солиқ базаси билан интеграция қилинган, марказий павильонларга кузатув камералари ўрнатилиб, тушумни кузатиб туриш имконини берувчи платформа ишга туширилган. Бозор ҳудудида тегишли тартибда тижорат банкидан ҳисоб рақам очмасдан фаолият юритган тадбиркорлик субъектларига ҳисоб рақам очиб берилиши, назорат касса техникаси ўрнатмаганларга касса аппарати ўрнатилиши таъминланди. Ушбу чора-тадбирлар натижасида қисқа вақт ичида бозорлардаги солиқ ва савдо тушуми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоизга ошди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/j4VJF3BpRBU?si=ALjbRAFejF4A5o-m" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА