Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бозорлар назорати: тартиб, нарх ва адолат
22:08 / 2026-02-21

Бозордаги ҳар бир нарх — бу оддий рақам эмас, у минглаб оилаларнинг дастурхони, рўзадорнинг ифторлиги, кундалик тирикчилик ҳисоби демакдир.

Шу боис, Жиззах шаҳридаги савдо мажмуалари ва деҳқон бозорларида ўтказилган ўрганишлар навбатдаги расмий тадбир эмас, балки нарх-наво барқарорлиги, иқтисодий интизом ва аҳоли манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган амалий қадам сифатида аҳамият касб этди.

Жараёнга Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тизими масъуллари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳудудий бўлими вакилларининг жалб этилгани бежиз эмас. Чунки “яширин иқтисодиёт” фақат солиқ тушумларига эмас, балки бозордаги соғлом рақобат муҳитига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, Рамазон ойи арафасида сунъий тақчиллик яратиш, асоссиз қимматлашувга йўл қўйиш ёки тушумларни яшириш ҳолатларининг олдини олиш давлат органларининг қонуний вазифасидир.

Ўрганишлар давомида қарийб икки юз нафар тадбиркор билан очиқ мулоқот ўтказилди. Суҳбатларда ишчиларни расмий меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилиш, савдо айланмасини тўлиқ ҳисобга олиш, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни кенг жорий этиш каби масалалар атрофлича тушунтирилди. Бу талаблар ортида жазо эмас, тартиб ва адолат турибди.

Негаки расмийлаштирилмаган ишчи — ижтимоий ҳимоядан маҳрум инсон, яширилган тушум — давлат бюджетига кам тушум, демак, ижтимоий дастурларга кам имконият деганидир. Шу маънода солиқ идоралари ҳам, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш тузилмалари ҳам ўз ваколати доирасида қонун устуворлигини таъминлаш орқали аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.

Мутахассислар таъкидлаганидек, бозорда нархларнинг барқарор сақланиши фақат маъмурий назорат билан эмас, балки шаффоф иқтисодий муҳит орқали таъминланади. Ҳар бир ҳисоб-китоб аниқ бўлган, ҳар бир тадбиркор қонуний фаолият юритган шароитда сунъий қимматлашувга ўрин қолмайди. Бу эса Президент қарорларида белгиланган иқтисодиётни “соя”дан чиқариш, бизнес юритишни енгиллаштириш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш вазифаларининг амалий ифодасидир.

Жиззах бозорларидаги бу жараён бир ҳақиқатни яна бир бор намоён этди: тартиб бор жойда барқарорлик бўлади, барқарорлик бор жойда эса ишонч мустаҳкамланади. Иқтисодий интизомни кучайтириш — бу кимнидир қўрқитиш эмас, балки ҳалол тадбиркорни қўллаб-қувватлаш, харидорни ҳимоя қилиш ва жамият фаровонлигига замин яратиш демакдир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА