Судандаги фуқаролар уруши туфайли юз бераётган ҳаво ҳужумлари кўлами кутилганидан анча даҳшатли экани маълум бўлди.
Гап шундаки, яқинда “Sudan Witness” лойиҳаси 2023–2025 йилларда Судан ҳудудида қайд этилган 384 та ҳаво зарбасини таҳлил қилиб, камида 1 700 тинч аҳоли ҳалок бўлгани, мингдан ортиқ киши яраланганини аниқлади. Энг ачинарлиси, зарбалар асосан аҳоли уй-жойлари, бозорлар, мактаблар, шифохоналар ҳамда кўчирилганлар лагерларига берилгани тасдиқланган.

Ҳисоботда армиянинг гавжум ҳудудларда мўлжалсиз, бошқарилмайдиган қуроллардан фойдалангани, бу эса оддий одамлар орасида катта талафотларга сабаб бўлаётгани қайд этилган. Айрим жойларда ҳатто портламай қолган бомбалар ҳам топилган.
Шунингдек, Шимолий Кордофандаги Ҳамрат ал-Шайх бозорига қилинган ҳужумда камида 30 киши ҳалок бўлиб, 100 дан ортиқ одам яралангани, Дорфур ва бошқа минтақаларда эса шифохоналар, мактаблар ва аҳоли яшаш ҳудудлари вайрон бўлгани қайд этилган. Няла ва ал-Кума каби шаҳарлар энг кўп нишонга олинган ҳудудлар сифатида тилга олинган.

Халқаро ташкилотлар мамлакат армиясини ҳамда қуролли қаршилик гуруҳларини зиддиятда айбламоқда. Экспертлар фикрича, Судан можароси тобора “халқ уруши”га айланиб бормоқда: ҳаводан қилинган ҳужумларда асосан, оддий одамлар ҳалок бўлмоқда. Низо давом этар экан, аҳолининг ҳаёти ва хавфсизлиги кескин салбийлашиб бораверади.
Мусулмон Зиё, ЎзА