Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўртасида нархлар барқарорлигини таъминлаш, инфляцияни пасайтириш ва бозорларда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.
Ушбу ҳужжат мамлакатда асоссиз нарх ошиши, монополия ҳолатлари ва бозордаги ноқонуний устунликларга қарши самарали чораларни кучайтиришга хизмат қилади. Томонлар инфляцияга таъсир этувчи омилларни илмий асосда таҳлил қилиш, нарх шаклланиши жараёнларини очиқ ва шаффоф қилиш, шунингдек, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўймоқда.
Меморандум доирасида бозордаги концентрация даражаси, монополь ҳолатлар, товар ва хизматлар нархига таъсир этувчи хатарлар бўйича ўзаро маълумот алмашиш тизими жорий этилади. Шу орқали бозордаги муаммоларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш имкони яратилади.
Мутахассислар таъкидлаганидек, мазкур ҳамкорлик аҳоли учун адолатли нархлар, тадбиркорлар учун тенг шарт-шароитлар ва иқтисодиёт учун барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА