Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 декабрдаги “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳиятини, унда белгиланган қулайлик ва имкониятларни тадбиркорлик субъектларига етказиш мақсадида Бухоро вилояти божхона бошқармасининг масъул ходимлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан учрашув ташкил этилди.
Унда фармон доирасида ташқи савдо иштирокчилари учун яратилаётган янги имкониятлар, божхона расмийлаштируви жараёнларини босқичма-босқич рақамлаштириш, маъмурий тўсиқларни қисқартириш ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.

Хусусан, фармон билан 2027 йилга қадар божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини такомиллаштириш бўйича қатор муҳим мақсадли кўрсаткичлар белгиланганлиги таъкидланди. Жумладан, товарларни бевосита чегарада экспорт ва импортга расмийлаштириш ҳажмини икки баробарга ошириш, божхона тўловларини кечиктириб тўлаш асосида товарларни эркин муомалага чиқариш ҳажмини 1,5 баробарга етказиш, ваколатли иқтисодий операторлар сонини 200 тадан ошириш ҳамда божхона аудити қамровини 30 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Шунингдек, учрашув давомида эндиликда жорий этилаётган божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларидаги янгиликлар, чегара ўтказиш пунктларидаги назорат тартиботларини такомиллаштиришга қаратилган қулайликлар босқичма-босқич тушунтириб берилди.
Учрашув якунида тадбиркорларни қизиқтирган саволларга тегишли мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди. Мазкур йўналишдаги тарғибот-тушунтириш ишларини ҳудудлар кесимида сайёр учрашувлар шаклида давом эттириш бўйича келишиб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.