Ҳар йили 5 июнь – Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунини нишонлаш доирасида Бирлашган миллатлар ташкилоти бутун жаҳон миқёсида долзарб бўлган экологик муаммолар тўғрисида халқаро жамоатчиликни хабардор этиб, дунё халқларини мавжуд муаммоларни бартараф этишга чорлайди.
Ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида тадбир ўтказилиб, бугунги куннинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу сана муносабати билан бир гуруҳ божхона ходимлари нуфузли Монреал баённомаси медаллари ва сертификатлари билан тақдирланди.

Шунингдек, тадбир доирасида ушбу йўналишда фаоллик кўрсатаётган ташкилотлар ва уларнинг ходимларига нуфузли Монреал баённомаси медаллари ва сертификатлари топширилди.
Тадбирда иштирок этган 8 нафар божхона ходими ҳамда улар фаолият кўрсатаётган бошқарма ва божхона постларига мукофотларни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда БМТ Тараққиёт дастури доимий вакили Матилда Димовскалар топширди.
Таъкидлаш жоизки, инсоният олдида турган экологик хавфларнинг олдини олиш мақсадида 1985 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш бўйича Вена конвенцияси қабул қилинган. 1987 йилнинг 16 сентябрида эса Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреал баённомаси имзоланган.
Мамлакатимиз 1993 йилда ушбу конвенция ва Монреал баённомасига қўшилди ва мазкур баённома бўйича ўз олдига қўйилган халқаро мажбуриятларни муваффақиятли тарзда бажариб келаётганини таъкидлаш жоиз.
Айниқса, озон қатламини емирувчи ва глобал исишга таъсир қиладиган фторли моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши курашда божхона органларининг иштироки алоҳида ўрин тутади.

Хусусан, ҳозирга қадар божхона органлари томонидан озон қатламини емирадиган 5,5 тоннадан ортиқ гидрохлорфторуглерод (Р-22), 608 дона цилиндрли контейнер ва 214 та турли ускуналар ноқонуний олиб ўтиш чоғида тўхтатиб қолинган.
Ш. Маматуропова, ЎзА