Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан “Ватан учун, халқ учун, миллат учун" шиори остида мамлакатимиз бўйлаб турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Айни кунларда Нукус шаҳридаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйида ҳам байрам шукуҳи кезиб юрибди. Байрам арафасида бу ерда тарбияланувчилар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг жисмоний саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида спорт мусобақалари ташкил этилди.
Эстафета ўйинларида фаол иштирок этган тарбияланувчиларнинг тезкорлиги ва ҳаракатлари Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари ҳамда муассаса маъмурияти томонидан адолатли баҳоланиб борилди.
Спорт мусобақалари байрам тадбирига уланиб кетди. Унда маданият соҳаси вакиллари томонидан Она Ватанни тараннум этувчи куй-қўшиқлар гулдастаси тақдим этилди.
Тадбирда муассаса тарбияланувчилари ҳам фаол иштирок этиб, ўз ижодий қобилиятларини намойиш этишди. Божхона ходимлари тарбияланувчиларни байрам билан қутлаб, уларга совғалар улашди.
Таъкидлаш жоизки, бундай тадбирлар иштирокчиларнинг соғлом ва мазмунли ҳаёт кечиришларига хизмат қилади. Уларнинг жамоадаги дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлайди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири