Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхоначилар тадбиркорларнинг муаммоларини ўрганди
11:12 / 2021-08-14

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантириш, уларга сифатли хизмат кўрсатиш, маслаҳат бериш, уларнинг фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларни “корхонабай” ўрганиш ва уни тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида тегишлилиги бўйича давлат идоралари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Ана шу мақсадларда ташкил этилган учрашувлардан навбатдагиси Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Қўнғирот” ТИФ божхона пости ходимлари томонидан ҳудуднинг Қўнғирот, Шуманой туманларида фаолият юритувчи бир қатор тадбиркорлик субъектлари билан бўлиб ўтди.

Учрашувда пост бошлиғи А.Сапарбоев мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган қулайликлар тўғрисида тўхталиб, уларга тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўрганиш ва тезкорлик билан ҳал этишда божхона органлари “тадбиркорларга яқиндан кўмаклашувчи орган” нуқтаи назаридан ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди. Учрашувлар ишлаб чиқариш корхоналарида давом эттирилди ва жойларга чиққан ҳолда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг муаммолари ўрганилди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Шуманой туманида қизилмия илдизига ишлов бериб, унинг экспорти билан шуғулланувчи “Liquorice Engineering” масъулияти чекланган жамиятида бугунги кунда 30 нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминлаган. Мазкур корхонага Россия, Хитой, Эрон давлатларида ишлаб чиқарилган қиймати 157,37 минг АҚШ долларига тенг бўлган технологик асбоб-ускуналари олиб келинган.

Ўтган давр мобайнида корхона 485 минг АҚШ доллари қийматидаги 174 тонна қизилмия илдизи дунёнинг Покистон, Туркия, Тунис каби бир қатор давлатларига экспорт қилган. Мутахассисларнинг қизилмия илдизи экспортида жорий этилган йиғим бўйича қизиқтирган саволларига божхона ходимлари томонидан батафсил тушунтириш берилиб, уни хомашё тарзида эмас, балки ярим тайёр маҳсулот ёки компонент тарзида пўстлоғидан тозаланган ҳолда экспорт қилиш учун йиғим назарда тутилмаганлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлик субъектларида юзага келадиган ҳар қандай муаммоли вазиятларда божхона органлари қонун доирасида амалий ёрдам кўрсатишга ҳамиша тайёр. Тадбиркорлик субъектлари томонидан доимий равишда ўзларининг фикр-мулоҳазалари, таклифлари ва уларни қийнаётган масалалар бўйича божхона постларига ва алоқа телефонларига мурожаат қилишлари мумкинлиги батафсил тушунтирилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА