Божхона органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари муаммоларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этишга қаратилган навбатдаги сайёр учрашув Бухорода бўлиб ўтди.
Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Н. Мусамухамедов Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъуллари билан биргаликда вилоят ҳудудидаги озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини яқиндан ўрганди.
Дастлабки сайёр учрашув “Gʻijduvon Eko Bottlers” МЧЖ да бўлиб ўтди. Корхона вакиллари билан мулоқот жараёнида нафақат божхона соҳасидаги балки, бошқа йўналишлар билан боғлиқ муаммолар ҳам ўрганилиб, тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ижобий ҳал этишга келишиб олинди.
Озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасига ихтисослашган “BCT Cluster Fat and Oil” МЧЖ эса, сайёр учрашувнинг навбатдаги манзили бўлди.
“BCT Cluster Fat and Oil” МЧЖ жорий йилнинг сентябрь ойига қадар ишга туширилиши режалаштирилган. 150 нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаши кўзда тутилган. Жаҳон бозорига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ёрлиғи остида сифатли ёғ маҳсулотларини етказиб, мамлакатимизнинг халқаро савдо майдонидаги ўрнини юксалтиришни мақсад қилган. Қолаверса, ишлаб чиқарувчилар 50 фоиз маҳсулотларини ички бозорда сотиш орқали нарх ва сифат уйғунлигини таъминламоқчи.
Тадбиркорлик субъектлари билан самимий мулоқот ва уларга амалий кўмак бериш мақсадига йўналтирилган яна бир учрашув “Парравшантранс” МЧЖ бўлди.
Аҳолига сифатли парранда гўшти ва тухум етказиб бериш билан шуғулланиб келаётган мазкур корхона негизида эндиликда сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти ҳам йўлга қўйилади.
Божхона органи мутасаддилари ҳамда корхона вакилларининг ўзаро мулоқоти жараёнида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш салмоғини ошириш ва экспорт қилиш каби масалалар бирма-бир таҳлил этиб борилди.
Бу каби сайёр ўрганишлар яна бир қатор корхоналарда бўлиб ўтди.
Аҳамиятлиси, барча учрашувларда божхона органлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш борасида амалиётга жорий этилаётган янгиликлар батафсил тушунтирилди. Соҳага оид муаммоларни юзага келишининг олдини олиш учун доимий мулоқот қилишга келишиб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.