Давлат божхона қўмитаси контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари томонидан гиёҳванд воситалари савдосига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида А.А исмли шахс аввалдан келишилган гиёҳвандлик воситасининг бир қисми, яъни 199,73 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини шартли харидорга 3 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинди.
Шундан сўнг ушбу шахсга хорижий давлат фуқароси томонидан гиёҳвандлик воситаси учун олиниши лозим бўлган 3 минг АҚШ долларини Тошкент шаҳрида кутиб турган “Д” исмли шахсга етказиб бериши ҳақида телефон орқали кўрсатма берилгач, тезкор тадбир Тошкент шаҳар Учтепа туманида давом эттирилди.
Ушбу туман ҳудудидаги кафелардан бирининг ёнига “Cobalt” русумли автотранспорт воситасини бошқариб келган фуқаро Э.Д. 3 минг АҚШ долларни олаётган вақтида ушланди.
Мазкур шахснинг автотранспорт воситаси кўздан кечирилганида эса автомашина салони ва юкхонасида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 1951 қути 17 хил турдаги дори воситалари борлиги аниқланди.
Жиноий фаолиятни тўлиқ фош этиш ва аввалдан келишилган гиёҳвандлик воситасининг қолган қисмини аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар давом эттирилди.
Жиноий гуруҳ аъзолари томонидан Ангрен шаҳридаги кўприк тагига яшириб кетилган 900,3 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси, Х.Ж.нинг ижарада яшаб келаётган хонадонидан эса 328,65 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси ҳамда ишга алоқадор бошқа ашёлар аниқланди.
Олиб борилган терговга қадар текширув давомида аниқланишича, юқоридаги гиёҳвандлик воситалари қўшни давлатдан ноқонуний йўллар билан олиб ўтилганлиги ҳамда қонунга хилоф тарзда пуллаш режалаштирилганлиги аниқланди.
Экспертиза хулосасига кўра, тезкор тадбирлар давомида 1 килограмм 428,68 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси ҳамда 4,21 грамм “Каннабис” уруғи ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди.
ЎзА