Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхоначилар ўрганишлар олиб борди
16:34 / 2024-08-09

Божхона органлари республикамизга қуёш электр панелларининг олиб кирилиши ва уларнинг белгиланган стандартлар асосида ўрнатилиши устидан бевосита назоратни олиб боради.

Айни шу мақсадда жойларда доимий тарзда ташкил этилаётган ўрганишларда қуёш электр панелларини ўрнатиш ва фойдаланиш билан боғлиқ барча масалаларга эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъуллари томонидан яқинда қурилиш ишларига старт берилган қуёш электр станциясида кетаётган иш жараёни яқиндан ўрганилди.

Мазкур станциянинг барпо этилиши учун Олот туманидан 648 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, у Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан қурилмоқда.

Сайёр ўрганишларда қуёш электр станциясининг жорий йил якунига қадар ишга туширилиши борасида фикрлар алмашилди. Юзага келиши мумкин бўлган муаммоли вазиятларнинг олдини олиш бўйича, зарурий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Маълумот учун, 250 МВт ли қуёш электр станциясининг лойиҳа қиймати 273 миллион долларни ва унинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 635 миллион кВт/с ни ташкил этади. Муқобил электр энергия станцияси негизида 300 минг хонадон қўшимча электр энергия билан таъминлаши кутилмоқда.

Энг муҳими эса, мазкур станция ишга туширилиши натижасида электр энергияси ишлаб чиқариш учун табиий газ сарфи йилига 270 миллион куб метрга тежалади. Натижада карбонат ангидрид чиқиндиларининг 250 минг тоннагача камайишига эришилади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири