English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Божхоначилар ўқувчиларга нодир ва ноёб тарихий ашёлар ҳақида сабоқ берди
14:44 / 2023-10-21

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари Термиз шаҳридаги 18-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, ўқувчилар учун “Музей–тарих кўзгуси, божхоначилар томонидан ушлаб қолинган маданий бойликлар” мавзуига бағишланган очиқ дарс машғулоти ўтказди.

Машғулот чоғида тарихий ва маданий бойликларнинг ўрни ва аҳамияти ҳамда мамлакатимиздан ноқонуний олиб чиқилаётганда вилоятдаги божхона постларида божхона ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган тарихий буюмлар ва уларни музейларга топшириш ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Ўтмишда ҳам илм-фан, маданият, санъат, ҳунармандчилик ривожланган қадимий шаҳардаги 18-умумтаълим мактабини вилоят божхона бошқармаси ўз оталиғига олган. Учта қўшни давлат билан чегарадош воҳа божхоначилари мазкур таълим муассасасида тез-тез бўлиб, ўқув машғулотлари, спорт мусобақалари, қизиқарли учрашувлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказаётир. Вилоятдаги чегара божхона постларига экскурсиялар уюштирилмоқда.  

–Постларда ушлаб қолинаётган тарихий аҳамиятга эга маданий бойликлар минтақамизда ягона – Термиз археология музейига топширилади,–дейди вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шоҳрўз Ўралов.–Айни пайтда музейнинг нумизматика бўлимида мамлакатимиздан ташқарига чиқишга уринилганида тўхтатиб қолинган ранг-баранг тарихий ашёлар сақланмоқда. Улар орасида қимматбаҳо тангалар, ёқут, зумрад тошлари, турли асрларга мансуб тарихий қўлёзма китоб ва бошқа моддий бойликлар мавжуд.  

Вилоят божхона бошқармаси назорат тадбирлари чоғида ушлаб қолинган беш мингга яқин тарихий буюм ва қадимий танга Термиз археология музейига топширилган. Масалан, бундан уч йилча муқаддам вилоят божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш  бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорликда Денов туманида ўтказган тезкор тадбирлардан бирида 17 грамм оғирликдаги қимматбаҳо ёқут тошини 23 минг AҚШ долларига ҳамда XII—XIV асрларга мансуб қадимий китобни 20 минг долларга пуллашга уринган шахслар қўлга олинганди.  Ўшанда ноёб ва нодир бойликни сотишга уринган бу шахснинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда терига ишланган ва тахминан XIV асрга мансуб тарихий қўлёзма китоблар сақланаётгани аниқланган. Хонадон соҳиби бу китоблар 60 минг долларга баҳоланганини маълум қилган. Шунингдек, унинг ёнидан қиймати 20 минг долларга тенг 37 грамм оғирликдаги зумрад тоши ҳам топилган.  

Қимматбаҳо тош ва нодир китоблар савдосини ўзига касб қилиб олмоқчи бўлган шахс бошқарувидаги “Каптива” русумли автомашинаси кўздан кечирилганда Темурийлар салтанати даврида чоп этилган ва саҳифалари мисдан ишланган, ёзувлари ўйиб туширилган китобга дуч келишган. Нодир китоб қиймати 200 минг  долларга баҳоланган. Биргина ушбу ҳолатда 3 миллиард 400 миллион 570 минг сўмлик қимматбаҳо тош ва қадимий китоб олиб қолинган.  

Бу галги очиқ дарсда ўқувчилар ушлаб қолинган ана шундай ноёб ашёлар тўғрисида ҳам қизиқарли маълумотларга эга бўлди.

Мактабда 968 нафар ўғил–қиз таълим–тарбия олмоқда. Божхоначилар ташкил этаётган дарс машғулотлари ва турли маданий–маърифий тадбирлар  ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаб, уларнинг келгуси ҳаётларини белгилаб олишига кўмаклашмоқда.

–Бири-биридан қизиқ маълумотларни тинглаб дарс якунига етаётганини ҳам сезмай қолибман,–дейди ўқувчи Чарос Файзуллаева.– Бу дарс орқали биз қадимги маданий ашёларимиз бизнинг энг нодир бойлигимиз эканини янада теран англаб олдик. Уни асраб-аавайлаш зарурлиги ҳақида етарли тасаввурга эга бўлдик. Биз музейда кўриб, ҳайратланган кўплаб ашёларни божхоначиларимиз мамлакатимиз ичкарисида олиб қолгани хусусида етарли билимга эга бўлдик. Божхоначиларнинг бундай шарафли ишлари шу соҳага менинг ҳам қизиқишимни оширган. Мактабни тугатсам, албатта, божхона ходимларини тайёрлайдиган олий ўқув муассасасига ўқишга бораман. Бу орзуимни амалга ошириш учун ҳозирдан пуҳта билим олишга интилаяпман.  

Қизиқарли ва сермазмун дарс якунида божхоначилар ўқувчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди.  

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири