Сирдарёлик божхоначилар томонидан ноқонуний буюмларнинг айланмасига қарши мунтазам равишда кураш олиб борилмоқда.
Жумладан, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари ДХХ ва Миллий Гвардия Сирдарё вилояти бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ҳудудида тиббиёт буюмларининг ноқонуний айланувига қарши курашиш борасида тезкор тадбир ўтказди.
Тезкор тадбир давомида, олдиндан кузатувга олинган, Ўзбекистон фуқароси Б.М. бошқарувида бўлган “ISUZU” русумли юк автотранспорт воситаси автотураргоҳга келиб тўхтаган вақтида унинг юкхонаси белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилган. Юк автотранспорт воситаси юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган дастлабки қиймати 220 млн. сўмлик жами 55 000 дона “инфизион эритмалар тизими – система” тиббиёт буюми борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Бундан ташқари, вилоят божхона бошқармаси ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда Сирдарё туманида тезкор тадбир ўтказганда кузатувга олинган фуқаро К.Ш. бошқарувидаги “Mersedes” русумли юк машинаси тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда кўздан кечирилган, унинг юкхонасида ҳеч қандай хужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган дастлабки қиймати 128 миллион сўмлик 54 дона телевизор борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ш.Суяров, ЎзА