Божхона хизмати ходимлари Хоразм вилоятидаги йирик экспортёрлардан бири — “GURLAN GLOBAL TEX” корхонасида бўлишди.
Ушбу ташриф доирасида корхонанинг ташқи иқтисодий фаолияти, экспорт-импорт жараёнлари ҳамда божхонада мавжуд енгилликлардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумотларга кўра, ушбу корхона 2024 йил давомида жами 2,5 минг тонна маҳсулотни экспортга чиқарган. Уларнинг умумий қиймати 8,2 миллион АҚШ долларини ташкил этган. 2025 йилнинг шу кунигача бўлган даврида эса компания 5,7 миллион долларлик товарларни хорижга экспорт қилган.
Таъкидлаш жоиз, экспорт маҳсулотларининг 97 фоизи соддалаштирилган тартибда — яъни божхона кўригисиз, тўғридан-тўғри чегара назорати орқали расмийлаштирилмоқда. Бундай механизм корхона учун вақт ва харажат жиҳатдан сезиларли тежамкорлик яратаётир.

Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотлар асосан Россия ва Афғонистон бозорларига тўғридан-тўғри етказиб берилмоқда.
Импорт кўрсаткичлари ҳам диққатга сазовор. Чунки, 2024 йилда корхона томонидан 966 минг долларлик товарлар импорт қилинган бўлса, 2025 йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 139 минг долларгача қисқарган. Бу эса корхонанинг маҳаллий хомашё ва ресурслардан кенг фойдаланаётганини, шу орқали экспорт ҳажмини ошираётганини кўрсатади.

Учрашув давомида божхона мутахассислари корхона масъулларига “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг имкониятлари, шартлари ва афзалликлари ҳақида батафсил маълумот бердилар. Ушбу режим импорт товарларини вақтинчалик олиб кириб, қайта ишлаш орқали экспорт қилиш имконини беради. Бунда божхона тўловларидан вақтинча озод этиш назарда тутилган.
Корхона масъуллари ва божхоначилар ушбу режимдан келгусида самарали фойдаланиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаб олишди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА